Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) раиси Георгий Церетелини қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз 2018 йилда ушбу тузилмадаги иштирокини қайта тиклаганидан буён ўзаро муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилгани ва ижобий суръатларда ривожланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Бугунги кунда 2019-2020 йилларда ЕХҲТ Парламент ассамблеяси билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” амалга оширилмоқда. Ўзбекистондаги сайловларни кузатишда илк марта ушбу тузилманинг элликка яқин вакилидан иборат делегацияси иштирок этаётгани қайд этилди.
Георгий Церетели Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ҳамда тузилма билан ҳамкорлик фаоллашгани учун миннатдорлик билдирди.
ЕХҲТ ПА раиси Ўзбекистоннинг ассамблеядаги иштироки ЕХҲТга аъзо давлатлар қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш доирасида мамлакатнинг манфаатларини илгари суришда янги имкониятлар очганини таъкидлади.
Меҳмоннинг фикрича, бўлиб ўтган сайловлар Ўзбекистон учун тарихий аҳамиятга эга, чунки улар кенг кўламли ислоҳотлар даврида, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг тавсиялари ҳам ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган янги Сайлов кодекси асосида ўтказилди.
Учрашув сўнггида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича узоқ ва қисқа муддатли миссияларининг фаолиятига қулай шароитлар яратилгани учун миннатдорлик билдирилди.