Тошкентда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг АҚШ давлат департаменти аъзолари билан видеоконференцалоқа шаклидаги биринчи мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон билан АҚШнинг мутасадди вазирлик ва идоралари масъул ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлади.
Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масаласи мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Буни сўнгги уч йилда мазкур йўналишда 13 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганида ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари, жорий йил июль ойида Президентимизнинг тегишли фармони асосида Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси фаолияти тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил қилинди ҳамда ушбу масала бўйича “Миллий маърузачи” институти жорий этилди.
Бугунги кунда комиссиянинг барча ҳуқуқий асослари яратилиб, Миллий комиссия ва унинг таркибидаги кичик комиссиялар, ҳудудий комиссиялар ишини тизимли йўлга қўйиш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор чоралар белгиланди. Хусусан, 2019-2020 йилларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.
Яна бир жиҳат, Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ давлат департаменти, “Cotton Campaign” ва “Human Rights Watch” халқаро ташкилотлари тавсияларини инобатга олган ҳолда одам савдоси ва мажбурий меҳнат соҳасида Ўзбекистоннинг позициясини яхшилашга қаратилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шунингдек, хорижда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жавобгарликни кучайтириш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.
Мамлакатимизда жиноятчиликнинг ҳар қандай шаклига қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган профилактик ишлар олиб борилмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида одам савдосига қарши курашиш ҳамда тарбиявий ишларни кучайтириш борасидаги профилактик ва тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар охирги икки йилда сезиларли даражада камайди. Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Видеоконференцияда қишлоқ хўжалигида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилаётгани, жумладан, Ўзбекистон Президентининг жорий йил октябрь ойидаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони бу соҳада амалга оширилаётган ишларни янги даражага олиб чиқишга кўмаклашиши қайд этилди.
Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти билан қишлоқ хўжалиги соҳасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2013 йилдан бошланган ҳамкорлик ўзининг ижобий самарасини бераётгани таъкидланди.
АҚШ давлат департаменти вакиллари Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб, мамлакатда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш борасидаги вазиятни мониторинг қилиш бўйича ХМТ гуруҳи ишини ижобий баҳолади. АҚШ томони бу йўналишда маслаҳатлашувлар ўтказиш ва ўрганишларни давом эттириш учун жорий йил декабрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюришга тайёр эканини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати.
ЎзА