Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари ва Германиянинг “Mas contour” ташкилоти экспертлари билан ташкил этилган учрашувда Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарида қайд этилишича, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “GIZ” Қорақалпоғистон туризмини ривожлантиришга 477 минг евро миқдорида маблағ ажратди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш ва мазкур ҳудуднинг туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида қўмита ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Ҳамкорлик лойиҳаси доирасида маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини диверсификация қилиш, уларни экспортбоп маҳсулотга айлантириш, инфратузилмани яхшилаш, янги туризм маршрутларини очиш, хизматлар сифатини яхшилаш ва Қорақалпоғистон Республикасининг туризм салоҳиятини хорижий туризм бозорларида тарғиб қилиш ишлари амалга оширилади.
Лойиҳани амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасига сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризм соҳасидаги хизматлар, маҳсулотлар экспортини ошириш ҳамда маҳаллий аҳоли даромадини кўпайтиришдан иборат.
ЎзА