Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги
Ўзбекистондаги ислоҳотлар дунё ҳамжамияти эътиборида экан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, хусусан, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг янада очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ижтимоий тараққиётда нодавлат секторининг аҳамиятини яққол кўрсатмоқда. Бугунги кунда энг чекка ҳудудда яшаётган фуқаро билан мамлакат раҳбари ўртасида алоқани таъминлашда айнан нодавлат сектори энг самарали механизм сифатида намоён бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 58-моддасига кўра, давлат жамоат бирлашмаларининг манфаатларини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.
Бу борада нодавлат-нотижорат ташкилотларнинг демократик жараёнлардаги иштирокини ҳуқуқий таъминлаш уларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг ғоят муҳим шарти ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилиши демократик янгиланишлар соҳасида катта тарихий воқелик бўлди. Мазкур янгилик давлатимиз раҳбари мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари билан самарали мулоқотга ҳамда кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор бераётганлигини яққол кўрсатмоқда.
Яқинда қабул қилинган “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори шу йўлда қўйилган салмоқли қадамлардан бири бўлди.
Дарҳақиқат, муҳтарам президентимиз ташаббуси билан фуқаролик жамияти институтлари билан бир қаторда ҳар бир фуқаро мамлакатимизда сўнгги йилда амалга оширилаётган демократик янгиланишларда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу авваламбор, фуқароларнинг ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали таклиф ва мулоҳазалари билан бир қаторда танқидий фикрларини баралла билдираётганликларида ҳам кўринади. Бу эса ўз навбатида, президентимиз таъбири билан айтганда, “давлат органларининг халққа хизмат қилишига” омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга бўлиш ва ўз халқига муносиб турмуш даражасини таъминлаш мақсадида халқимизнинг фуқаролик салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қиладиган шароитлар яратиш, стратегик ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда давлат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича юритаётган сиёсатнинг асосий мақсади – инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришини, барча ҳаётий орзу-мақсадлари шу жамиятдаги сиёсий ташкилотлар, ижтимоий институт, гуруҳ, оила ва бошқа жамоат бирлашмалари орқали амалга оширилишини таъминлашдир.
Дарҳақиқат, демократик сайловларни фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар сайловларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорлигининг замонавий механизмлари изчиллик билан такомиллаштирилмоқда.
Авваламбор, Сайлов кодекси лойиҳаси нодавлат нотижорат ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва умуман кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, муҳокама натижаларига кўра лойиҳа матни уларнинг таклифлари ва тавсиялари асосида такомиллаштирилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Қонун ҳужжатларига асосан, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг сайловларда фаол иштироки бўйича етарли асос ва имкониятлар яратилган. Ушбу имкониятларни билиш ва улардан кенг фойдаланиш, нафақат сайловларнинг демократик руҳда ўтишига, балки мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳам туртки бўлади.
Партиялар – сайловларнинг локомотиви. Айнан улар орқали номзодлар кўрсатилади, сиёсий рақобат муҳити юзага келтирилади ва турли табақаларнинг сиёсий қарашлари ифодаланади. Партиялар ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали сиёсий жараёнларда иштирок этадилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан йиғилишида “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб бериши шарт” деган фикрни билдирди. Дарҳақиқат, бугунги кунда халқимиз партиялардан баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан сайловчилар ишончини қозонишини кутмоқда.
Мамлакатимизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари халқаро нормалар ҳамда демократик принципларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг қабул қилиниши давлат раҳбарининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида белгилаб берилган эди. Мазкур ҳужжат халқаро норма ва стандартларга мос равишда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг сайловлардаги иштирокини аниқ белгилаб берганлиги билан ҳам эътиборлидир. Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларига жамоат бирлашмалари ва ташкилотларнинг вакиллари ҳам таклиф этилади. Жамоат бирлашмалари ўз аъзоларининг хоҳиш-иродаларини эркин билдириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси йиғилишларида иштирок этишини сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлиги сифатида эътироф этиш мумкин.
Шу билан бирга, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан кўрсатилишини давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишдаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигига мисол сифатида айтиш мумкин.
Мазкур кодексга асосан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин. Бугун мамлакатимизда демократик институт сифатида шаклланган маҳалла институти вакиллари муддатидан олдин овоз бериш, овоз бериш куни сайлов участкасининг очилиш ва сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш жараёнларини кузатиб бориши мумкинлиги миллий демократик институтнинг ўрнини янада оширади. Қолаверса мазкур янгилик ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан ҳам таклиф этилганлиги билан ҳам эътиборлидир.
Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, ННТлар сайловолди ташвиқот ишларида, овоз бериш, сайлов натижаларини ҳисоблашда бевосита иштирок этиш ҳуқуқи орқали сайлов жараёнининг ҳар бир босқичида самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконияти яратилади. Шу сабабли, мамлакатимизда сайлов жараёнларини ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларини амалга оширишда ННТ лар энг муҳим ўрин эгаллайди. ННТ лар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга ошириб, сайлов участкасида ушбу кодекснинг талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, тегишли сайлов комиссиясига маълум қилиш лозим ҳисобланади.
Шунингдек, кодексга кўра, Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига давлат органлари қатори фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳам жалб этилиши жамоатчилик назорати сифатида жамоат бирлашмалари аъзоларининг манфаатлари ва эҳтиёжларини акс эттиришга асос бўлади.
Шу билан бирга, имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этиши катта аҳамиятга эга. Партияларга сайлов жараёнларида тенг шароитлар яратилган.
Юқоридагиларнинг барчаси сайлов жараёнлари янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди. Шубҳасиз, сайлов жараёнлари устидан фуқаролик жамияти институтларининг кузатув олиб бориши, жамоатчилик назорати ва сайловларда фаол иштирок этиши орқали ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда давлат бошқарувида очиқлик ва ошкораликни янада мустаҳкамлайди.
Тошкент давлат юридик
университети катта ўқитувчиси
Б.Нариманов
Адлия вазирлиги
бош консультанти
З.Мустафақулов