Сурхондарё – буюк мутафаккирлар бешиги, улкан имкониятлар воҳаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятида бўлди.
Ташрифнинг иккинчи куни Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, турли соҳа ва тармоқлар мутасаддилари, фаоллар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги ҳолатга танқидий баҳо берди.
– Сиёсатимизнинг мазмуни, мақсади оддий: меҳнат қилсанг, роҳат кўрасан. Давлат шу меҳнатга, эмин-эркин ишлашга шароит яратиб бериши шарт. Шу мақсадда қарорлар қабул қилинаяпти, йўналишлар белгилаб берилаяпти. Лекин қуйи тизимда уларни бажарадиган савияли раҳбар кам. Ҳоким тайёрлаш мактабини яратдикми, деган саволга ижобий жавоб йўқ. Соҳа ва тармоқларнинг ҳудудий раҳбарлари «қотиб қолган», – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари ўсиш суръатлари вилоятнинг ҳақиқий салоҳияти учун ҳали етарли эмаслигини таъкидлади.
– Жорий йилда вилоятга учинчи бор ташриф буюришимизнинг сабаби Сурхондарё мисолида барча раҳбарларга ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларини ҳисобга олиб, уларни жадал ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва ўсиш нуқталарини аниқлаш ҳамда тўлиқ ишга солишни кўрсатиб беришдир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳар бир вазир, соҳа ҳамда тармоқлар раҳбарларига йил якунигача ва келаси йилда Сурхондарё учун нималар қилишини аниқ ёзиб, вилоят ҳокимлигига тақдимот қилиш бўйича топшириқ берилди.
Президентимиз Сурхондарё вилояти иқтисодиётининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, уни ривожлантириш бўйича муҳим йўналишларни белгилаб берди.
Аввал режалаштирилган лойиҳаларни бажариш билан бирга, келаси икки йилда амалга ошириладиган, умумий қиймати 13 триллион сўмликдан зиёд янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилгани қайд этилди.
Тўққиз ойда вилоят корхоналари томонидан 125 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, прогноз 104 фоизга бажарилган. Экспортни кўпайтириш учун «Термиз Карго Центр» логистика маркази ҳудудида эркин савдо зонасини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. Бу зонага муайян йўналишлар бўйича визасиз кириш, экспорт-импорт ва транзит юклари учун божхона, карантин ва бошқа хизматларни «Ягона дарча» тамойили асосида амалга ошириш мумкин бўлади.
Қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишни давом эттириш, 2020 йилда Ангор, Қизириқ, Музработ, Термиз ва Шеробод туманларида 40 минг гектарга ингичка толали ғўза навларини жойлаштириш зарурлиги қайд этилди. Ер майдонларидан келиб чиқиб, кластерлар томонидан йирик чорвачилик комплекслари ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Вилоятда бир йилда тайёрланадиган 870 минг донадан ортиқ терини қайта ишлайдиган бирорта корхона йўқлиги танқид қилиниб, «Ўзчармсаноат» уюшмаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, вилоят ҳокимлигига замонавий чарм-пойабзал корхоналари ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.
Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўз фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. Муқаддас заминимиз азалдан инсоният тамаддуни, айниқса, ислом дини ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларга бешик бўлган. Хусусан, IX-XII асрларда юртимиздан кўплаб олимлар, муҳаддислар етишиб чиққан. Ана шундай буюк алломалардан бири Абу Исо Муҳаммад Термизийдир.
Абу Исо Муҳаммад Термизий (Имом Термизий) ҳозирги Шеробод туманида милодий 824 йилда дунёга келиб, 892 йилда вафот этган.
Абу Исо Термизий ўндан ортиқ асар яратган. Улар орасида энг машҳури «Сунани Термизий» («Саҳиҳи Термизий») китобидир. Бу бошқа ҳадислар тўпламлари орасида тартиби энг ихчам асардир.
IX аср ҳадис илмининг олтин даври саналади. Бу даврда юзлаб муҳаддислар орасида энг юқори мартабага эришган олти улуғ имом машҳур ҳадис китобларини ёзган. Бу асарлар Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манбалардир. Мазкур «кутуби ситта», яъни энг саҳиҳ (энг тўғри, ҳаққоний) олти ҳадис китобининг икки мусаннифи бизнинг буюк аждодларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизийдир.
Шу пайтгача Имом Термизийнинг ҳаёти деярли ўрганилмаган. Кейинги йилларда миллий-диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, алломаларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашга қаратилаётган юксак эътибор туфайли аллома бобомиз мероси ҳам қадр топди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бундан икки йил аввал Шеробод туманидаги ул зот мангу қўним топган зиёратгоҳда улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада зиёратчиларга барча шароит яратилган муҳташам мажмуа барпо этилди.
Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қарор асосида Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази қад ростлади. Марказда ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳияти, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари, Имом Термизий ва термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар мероси чуқур ўрганилади, ёзма манбалари тизимли асосда тадқиқ этилади. Улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланишга қаратилган дарслик ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланади.
Давлатимиз раҳбари марказга ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш, халқимизга тушунарли тилда китоблар чоп этиш бўйича тавсиялар берди. Бу ерда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муносиб шароит яратиш, олимларнинг халқаро илмий конференцияларда иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ушбу марказда тадқиқотчиларга барча шароит яратилган. Марказ ёнида Ҳаким ат-Термизий номидаги жомеъ масжиди барпо этилган.
Юртимизда “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори асосида амалга оширилаётган эзгу ишларга ҳамоҳанг қад ростлаган марказ алломаларимиз меросини илмий назардан ўрганишда муҳим қадам бўлди.
Марказга ёш тадқиқотчилар, салоҳиятли олимларни жалб қилиш, термизийларнинг дунё бўйлаб тарқаб кетган асарлари нусхаларини олиб келиб тадқиқ этиш муассасанинг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.
Шу ерда Султон Саодат мажмуасини реконструкция қилиш, унинг ҳудудида масжид, автомобиллар турар жойи ва мажмуага келаверишдаги йўл бўйида намунавий уйлар барпо этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президентимиз Термиз шаҳридаги пиллани қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Сурхон ипаги” корхонасида бўлди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда пиллачилик ривожланмоқда. Ипак қуртидан тўрт, баъзи ҳудудларда беш мартагача ҳосил йиғиш йўлга қўйилди. Ипакдан қимматбаҳо мато, гилам ва бошқа жиҳозлар ишлаб чиқарувчи кўплаб корхоналар ташкил этилмоқда, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳисобига тармоқда экспорт ҳажми ортмоқда.
Сурхондарё вилояти ана шундай ҳудудлардан бири. Бир йил илгари Президент Термиз туманида бўлиб, пилла уруғчилиги кластери билан танишган эди. Бугун вилоятда ана шундай кластерлар иккита, йил охиригача яна учтаси ишга туширилади. Натижада пиллани замонавий, инновацион усулда етиштириш миқдори ошади, иш ўринлари кўпаяди.
Президент “Сурхон ипаги” корхонаси имкониятлари билан танишиш чоғида ипакчилик туризмини тарғиб қилувчи бундай жойларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Корхонага пиллани қайта ишлаш, хомашёни йигириш, ипак момиғи ишлаб чиқариш учун замонавий технологиялар Хитойдан келтирилган, сифат назоратини олиб бориш, ипакдан жаҳон андозасига мос маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида хориждан мутахассислар жалб этилган.
Вилоятнинг қатор туманлари “Сурхон ипаги” корхонасига кластер усулида пилла етиштириш бўйича бириктирилган. Ипак қурти боқиш учун озуқа базаси яратиш, иқлимга мос тут кўчатлари парваришлаш, йилига тўрт марта ипак қурти боқиш имконини берувчи пиллахоналар қуриш йўлга қўйилган.
Бугунги кунда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналарда ипак қурти озуқа базаси тут кўчатлари етиштиришдан бошлаб, тайёр ипак ҳолигача ишлаб чиқариш мукаммал ҳолатга етказилди. Энди ипак толасидан сифатли ипак матолар ишлаб чиқариш ва уларга гул босиш жараёни ўзлаштирилмоқда.
Айни пайтгача ўзбек ипак толасининг 80 фоизи хорижга экспорт қилиниб, фақатгина 20 фоизи маҳаллий корхоналарда қайта ишланар эди. “Сурхон ипаги” каби корхоналар ҳисобига бу кўрсаткич муттасил ошириб борилади.
Корхонада маҳсулот чиқаришдан ташқари сердаромад ва харидорларни кўпайтирадиган янги тажрибалар ҳақида ҳам Президентга маълумот берилди. Шулардан бири – туризмни ривожлантириш. Корхона вилоятнинг сайёҳлик йўналишига киритилган ва бу ерда музей ташкил қилинган. Келажакда сайёҳларни янада кўпайтириш мақсадида Термизда ипакдан турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган ҳунармандлик маркази ташкил этилмоқда. Махсус шоурум ва ипак матолардан кийим тайёрлаш цехи фаолият юритаётир.
Ипак маҳсулотлар Осиё ва Европа давлатларига етказиб берилмоқда. Ўтган йили 2 миллион 873 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Шу ерда ипакчиликни ривожлантириш лойиҳалари, вилоятнинг туризм салоҳияти ва уни ривожлантиришнинг қўшимча имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
– Гиламларга нақш солиб тўқиш – ноёб санъат. Буни ҳар ким уддалай олмайди. Нақшларга миллий руҳ киритиб, харидорларни жалб этадиган ранглардан фойдаланиш керак. Бу бутун дунё учун Ўзбекистон бренди бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Термиз шаҳридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси фаолияти билан танишди.
Ўтган йили фойдаланишга топширилган уч қаватли бинода вилоят ва Термиз шаҳар “Оила” марказлари, “Оила” кутубхонаси фаолият юритади, ўқув заллари, фуқароларни қабул қилиш хонаси мавжуд. Шунингдек, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими, “Барқарор ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти, Омбудсманнинг вилоят бўлими ва бошқа жамоат ташкилотларига ҳам хоналар ажратилган. Бу уларнинг марказ билан яқин ҳамкорликда ишлашида муҳим ўрин тутмоқда.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармасининг маъмурияти учинчи қаватда жойлашган. Хоналар замонавий жиҳозланган. Марказ қошида махсус ўқув курслари ҳам ташкил этилган.
Вилоятда 600 мингга яқин оила мавжуд. Уларнинг 149 мингдан зиёди ёш оилалардир. Марказ ходимлари “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Оилавий муносабатлар ва муаммолар бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари оила қадриятларини ўғил-қизларга ёшлик чоғидан тўғри тушунтириш, ҳозирги оилавий муаммолар бўйича илмий ишлар қилиб, ҳаётга татбиқ этиш, хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассисларнинг билимини ошириш зарурлигини таъкидлади. Асл миллий урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёт ғоя ва расм-русумлар пайдо бўлиши сабабларини тушунтириб, ёшлар онгини улардан ҳимоя қилиш юзасидан тавсиялар берди.
Шу ерда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, хотин-қизларни касбга қайта тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз оилаларни илмий тадқиқ этишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одатлари ва қадриятларини эътиборга олиш зарурлигини қайд этди. Оила муносабатларига оид илмий ишларни ҳаётий мисолларга асосланиб олиб бориш зарурлигини таъкидлади.
– Оиланинг муқаддас қўрғон эканини кенг тарғиб қилишда олимлар, ёзувчи-шоирлар, умуман, зиёли қатламни жалб этиш ва бу ҳаракатдан ҳеч ким четда қолмаслиги керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи якунланди.

 

ЎзА