USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Душанба, 18 Ноябрь

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Бу имтиҳон барчамизга баҳо беради

Бу имтиҳон барчамизга баҳо беради

Сайлов – 2019
 
“Ўзбекистоннинг янгиланган сайлов қонунчилиги – демократик сайловлар ўтказишнинг асоси”. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ташаббуси билан ташкил этилган халқаро анжуман айни мавзуга бағишланди. Тадбир Марказий сайлов комиссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, сенаторлар, Марказий сайлов комисcияси, ЕХҲТ ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, хорижий давлатлар ҳамда мамлакатимиз экспертлари мулоқотнинг асосий иштирокчилари бўлди.Анжуманда мулоҳазалар, муҳокама ва мунозараларнинг асосий мазмуни янгиланган сайлов қонунчилиги асосида сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ масалаларга қаратилди. Шу мақсадда Марказий cайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов халқаро ва хорижий экспертларни дастлаб бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга доир айрим янгиликлар билан таништирди.– Биринчидан, Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати жорий этилди, – деди М.Абдусаломов. – Иккинчидан, сайловлар бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари такомиллаштирилди. Сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш амалиётида биринчи марта барча даражадаги сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ишлар 8 босқичли “каскад” услубида ташкил этилди. Бу йилги сайловларда 16 мингдан зиёд сайлов округи ва сайлов участкаси тузилиши режалаштирилган. Шу вақтгача 70 республика тренери ва ҳудудларда 748 “туман тренерлари” гуруҳи шакллантирилди. Ҳозиргача ушбу тренерлар томонидан 51 мингга яқин сайлов комиссияларининг раиси, ўринбосари ва котиби ўқитилди. Сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича семинар-тренингларда жами 170 мингга яқин сайлов комиссиялари аъзоси ўз билими ва кўникмаларини оширади.Марказий cайлов комиссияси раиси маълумот беришича, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар – йўриқнома, регламент ва низомларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ишлари якунига етмоқда. Сайлов комиссиялари аъзолари тезкорлик билан фойдаланиши учун махсус “Сайлов – 2019” мобиль илова ишлаб чиқилди.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш Миссияси сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёнини, мамлакатимизда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолади. Парламент сайловларига тўлақонли кузатув миссиясини юбориш ниятини билдирди.

Шунингдек, аввалги парламент сайловларида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси чекланган миссиясининг ўттизга яқин кузатувчиси иштирок этганини таъкидламоқ зарур. Бу йилги сайловларни Бюронинг уч юзга яқин, жумладан, 30 узоқ муддатли ва 250 қисқа муддатли кузатувчиси кузатиб бориши кутилмоқда.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов “Сайлов кодекси – демократик сайловлар ўтказишнинг асоси” мавзусидаги маърузасида сайлов қонунчилигидаги янгиликлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.

– Мазкур ҳужжат мамлакатимиздаги ўн саккизинчи кодекс саналади, – деди А.Саидов. – Кодекс лойиҳасини тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳи томонидан 20 дан ортиқ давлат, жумладан, Франция, Нидерландия, Канада, Италия, Шве­ция, Бельгия, Польша, Албания, Беларусь, Озарбайжон, Туркия каби мамлакатлар тажрибаси ҳамда ушбу соҳадаги халқаро стандартлар пухта ўрганиб чиқилди. Сайловга доир 10 дан ортиқ халқаро ҳужжат атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари лойиҳа нормаларига чуқур сингдирилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт, ЕХҲТнинг инсонийлик мезонлари тўғрисидаги ҳужжатлари шулар жумласидандир.

Сайлов кодекслари қабул қилинган дунёнинг 40 та давлати сафига эндиликда Ўзбекистон ҳам қўшилди. Хўш, миллий сайлов тизимида нималар ўзгармоқда? Хусусан, тобора яқинлашиб келаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар аввалгиларидан қай бир жиҳатлари билан фарқланади? Иштирокчилар, айниқса, халқаро экспертларнинг эътибор марказида бўлган бу саволларга батафсил аниқлик киритилди.

– Амалга киритилган янгиликлар, ўзгаришлар кўп ва уларнинг ҳар бири муҳим, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов. – Жумладан, парламент Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти сайлов қонунчилигидан чиқариб ташланди. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши ҳуқуқи берилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби жорий этилди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатиладиган бўлди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сони 3 нафардан 5 нафарга кўпайтирилди. Ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши белгиланди.

Конференция ишида сайловлар бўйича халқаро эксперт Рената Левовски маъруза қилди. Эксперт ўз маърузасида демократик сайловларни ўтказиш бўйича халқаро тажриба ва амалиёт тўғрисида маълумот берди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда сайловларни демократик принциплар асосида ўтказишда Сайлов кодексининг қабул қилингани ҳамда сайловлар билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилгани ушбу сиёсий жараёнга янги руҳ берди. Қолаверса, сайлов жараёнлари янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш Миссияси сайлов бўйича маслаҳатчиси Ульви Ахундлу фикрича, ҳеч бир мамлакатда пухта сайлов қонунчилиги ва мукаммал сайловлар йўқ. Лекин мавжуд камчиликлар тизимни янада такомиллаштириб боришга ёрдам беради.

– Мамлакатингизда 2016 йилда бўлиб ўтган Президентлик сайловларини бевосита кузатиб, бу бўйича хулосаларимизни 2017 йилда Марказий сайлов комиссиясига ҳисобот шаклида тақдим этган эдик, – деди У.Ахундлу. – Унда келгуси сайловларни қандай ташкил этиш юзасидан хулоса ва таклифларимиз ҳам акс этганди. Шу асосда ўтган вақт мобайнида Марказий сайлов комиссияси билан доимий мулоқотда бўлдик. Хусусан, Сайлов кодекси лойиҳаси мустақил халқаро экспертиза учун бизга юборилганда уни такомиллаштиришга оид тавсия, тегишли хулоса ва фикрларимизни ҳам билдиргандик. Улар кодекс қабул қилинишида эътиборга олинди. Юртингиз сайлов тизими такомиллашиб бораётганини доим кузатиб, гувоҳи бўляпмиз. Масалан, сайловчиларнинг ягона электрон базаси яратилгани бизда катта қизиқиш уйғотди. Бу каби янгиликларнинг натижасига сайлов куни ишонч ҳосил қиламиз деб ўйлайман.

Халқаро анжуман ўз ишини икки йўналишда давом эттирди. “Сайлов кодекси – партиялараро рақобатни таъминлашнинг кафолати” мавзусидаги йўналишда янгиланган сайлов қонунчилиги талаблари асосида партияларнинг сайловлардаги иштироки ва партиялараро рақобат масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Сайловлар жараёнларини ёритишда ОАВнинг иштироки ҳамда мазкур жараёнларни ёритишда сайлов ва ахборот қонунчилиги талабларига риоя қилиш масалалари эса “Сайлов кодекси – сайлов очиқлигини таъминлашнинг кафолати” мавзусидаги йўналишдан жой олди.

Сайлов фақат мамлакат учун синов эмас. Бу сиёсий жараён сайланувчи ва сайловчилар учун ҳам имтиҳон. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, гражданлик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”. Демак, халқимиз тақдири, юртимиз келажаги олдидаги бурчимиз, масъулиятимиз, салоҳиятимиз жорий йилнинг 22 декабрь куни ўз баҳосини олади.

 

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА