USD 10500.03
EUR 12607.39
RUB 140.7

Душанба, 18 Ноябрь

Сайт тест режимида ишлаяпти. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз.

Сайловларда ногиронлиги бўлган шахсларга барча шароит яратилади

Сайловларда ногиронлиги бўлган шахсларга барча шароит яратилади

Муносабат

Мамлакатимизда катта сиёсий жараён 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларга старт берилди.

Бу йилги сайловлар янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида, очиқ, демократик тамойиллар, халқаро принципларга риоя қилган ҳолда, республикамизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия ўртасидаги соғлом рақобат асосида бўлиб ўтади. Ҳозирги кунда барча сиёсий партияларда бўлажак сайловларга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Шу ўринда мазкур жараёнларга оид айрим масалаларга эътибор қаратиш ва тизимли равишда тартибга солиш лозим.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқароларнинг, жумладан, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашнинг самарали механизмлари тўла шакллантирилган. Фуқаролар давлатни бошқаришда бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали билвосита иштирок этиш, сайловларда яширин овоз бериш ва сиёсий партиялар томонидан номзодини кўрсатиш учун тенг имкониятларга эга.

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида умумэътироф этилган асосий халқаро сайлов стандартлари ва нормалари имплементация қилинган. Мазкур ҳужжатларни янада либераллаштириш мақсадида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидаларига биноан ишлаб чиқилган, қабул қилинган норма ва механизмлар муттасил такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўзида Сайлов кодекси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўгрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Давлат хотин-қизларнинг сайлов жараёнида эркаклар билан тенг иштирок этиши, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида ҳам баравар ҳуқуқ ва имкониятлари таъминланишини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида сиёсий партиялардан мамлакат парламенти ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота белгиланган.

Ўзбекистон Республикасида 700 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар ўзининг конституциявий ҳуқуқларини, жумладан, сайлов ҳуқуқини бошқа фуқаролар билан тенг ва эркин амалга ошириши учун зарур шароит яратилган. Ногиронлар ҳуқуқларига оид муҳим қоида ва нормалар янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда акс этган. Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан қабул қилинган дастурда Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўламини янада кенгайтириш белгиланган.

Айнан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда бошқалар билан тенг шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Хусусан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жорий йилнинг август ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳозирги кунда ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни кетмоқда.

Қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларни камситишнинг ҳар қандай шаклига, жумладан, ногиронлик белгиларига нисбатан камситишга йўл қўймаслик, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол жалб этиш каби бир қатор ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тавсия этиш жараёнида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ўз сайлов ҳукуқларидан тенг ва тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлаш мақсадида сайлов участкалари биносини ва овоз бериш хоналарини танлаш, жиҳозлашда сайлов қонунчилигида белгиланган барча шароитларни кўриши зарур. Хусусан, ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг овоз бериш жойига келиб-кетиши таъминланиши лозим. Бу тоифадаги фуқароларнинг транспортда қатнаши, сайлов биносига кириб-чиқиши, эркин ва тўсиқларсиз овоз бериши учун ҳар томонлама қулайлик (пандуслар ёки махсус қурилмалар ўрнатилган, махсус кабиналар) бўлиши зарур. Овоз бериш хоналарига олиб борувчи кўрсаткичлар кўринарли жойга жойлаштирилиши ҳам мақсадга мувофиқ. Участка сайлов комиссияси биносида сайлов куни малакали тиббиёт ходимларининг навбатчилиги ташкил этилиши керак.

Бундай талаблар Сайлов кодексида ҳам келтирилган бўлсада, жойлардаги ижроси тизимли равишда назорат қилиниши зарур.

Сиёсий партиянинг ва депутатликка номзодларнинг босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш, тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжларини (имо-ишора тили, субтитр ёзуви, брайль алифбосида чоп этиш) ҳисобга олиш ҳам уларга нисбатан алоҳида эътибордан далолатдир.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиб келаётган ногиронлиги бўлган шахслар вакиллари номзодларини кўрсатишга эътибор қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар

қўмитаси раиси,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.

 

ЎзА