Диего Гарсия-Саян: Ўзбекистондаги ўзгаришлар бўйича ўрганишларим натижаси, хулосаларим ижобий

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саянни қабул қилди.
Қабулдан сўнг Диего Гарсия-Саян ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Президент Шавкат Мирзиёев билан мулоқотимиз самарали бўлди. Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шароит яратиш, соҳа ходимлари моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш юзасидан сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар ҳақидаги ижобий хулосаларимиз бўйича фикр алмашдик. Соҳани ривожлантириш мақсадида ташкилотимиз томонидан берилган тавсиялар давлатингиз раҳбари томонидан ижобий баҳоланди.
Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашда соҳага АКТни жорий этиш муҳим. Бу суд фаолиятини осонлаштиради ва шаффофликни таъминлайди. Шунингдек, жамоатчиликнинг суддаги барча қарорлардан тез ва осон фойдаланишига имкон яратади. Бир сўз билан айтганда, соҳага АКТни жорий этиш қонун устуворлиги ва ошкораликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонга ташрифим давомида Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларида бўлдим. Маҳаллий аҳоли, журналистлар билан мулоқот қилдим. Ўрганишларим натижаси ўлароқ айтишим мумкинки, хулосаларим ижобий, яхши таассуротдаман. Самарали ҳамкорлигимиз давом этиши белгиланган мақсадларга эришиш имконини беради.

 

З.ЖОНИБЕКОВ ёзиб олди. ЎзА