Uzcard бўйича янги мобиль илова ишга тушди

“Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ товар ва хизматлар учун масофадан туриб нақд пулсиз тўловни амалга ошириш учун мўлжалланган Uzcard мобиль иловасини ишга туширди. Иловага жарималар ҳақида онлайн маълумотлардан хабардор бўлиш ҳамда уларни онлайн тарзда тўлаш имконини берадиган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабарлари” хизмати ҳам киритилган.
“Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖдан олинган маълумотга кўра, янги илова коммунал, интернет, мобиль алоқа хизматлари учун тўловларни ва солиқларни масофадан туриб амалга ошириш каби кўплаб функциялардан фойдаланиш имконини беради.
MyUzcard иловаси қатор инновацион ишланмалар бўйича қулайдир. Масалан, бунда пластик картадан бошқа картага пул ўтказиш учун пулни қабул қилувчининг карта рақамини билиши шарт эмас. Пулларни иловада мавжуд бўлган @username ва QR-код орқали ўтказса ҳам бўлади.
Илова ўзига хос интерфейс ва функцияларга эга. Фойдаланувчилар илова дизайнини, безагини ўзлари ўзгартириши мумкин, керакли виджетлар ва асосий экранни қўйиш имкони тақдим этилган.
Илованинг “Тўловлар тарихи” функцияси орқали шахсий маблағларни янада самарали бошқариш ва мамлакатимизда амалда бўлган валюталар курсини кузатиб бориш хизмати таклиф этилади.
MyUzcard иловаси Uzcard карталари билан бирга Uzcard-UnionPay кобейджинг карталарига ҳам хизмат кўрсатади. Ушбу сервисдан мобиль иловалар ҳамда Telegram-бот сайти орқали фойдаланиш мумкин.
Айни пайтда MyUzcard иловасини App Store ва Google Play тизимидан юклаб олиш мумкин.

 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА