Ҳар кимнинг қалбида ўз Ороли бор…

Инсон умрбод орзу-умидлар оғушида яшайди. Орол тўла пайтлари “денгиз балиғини бермади” дея зорланган Бердақ бобомизни эсланг: ғариб қалъалар дарди билан яшаган буюк Бердақ “биз шўрликка ёз келарми?” деб қаҳратонда саратонни орзу қилганида кишилар қалбидаги денгизлар тўлқинланиб, кўнгилларга далда берган.
Орол фожиаси оламга маълум. Нотўғри хўжалик юритиш сиёсати оқибатида қуриган денгиз балки ўз ҳолига қайтмас, лекин ҳаёт давом этаверади. Қорақалпоқлар қадимдан ғойибдан бахт излаган, ўз орзулари қанотида парвоз қиладиган, оқкўнгил, самимий, кенгфеъл ва заҳматкаш халқ. Уларнинг қайсар ва қайтмас интилишлари, барчага бирдек бағрини очадиган инсоний туйғулари ҳаммага маълум.
Президентимизнинг Оролга дастлабки қадамларидан тортиб, ҳар сафар такрорлаган “одамлар яхши яшаши керак” деган сўзларига эътибор беринг. Орол қуриши билан “йўғон чўзилиб, калта узилиб”, халқ бу ердан умидини узиб кета бошлаганди. Бундай қарасангиз, ҳудудидан битта ҳам ирмоқ оқмайдиган, гиёҳ ўсмайдиган саҳроларда яшаётган халқлар бор, лекин улар ҳам жаҳон тамаддуни билан туташган ҳолда ҳаёт кечирмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг байрам арафасида муйноқликлар билан дилдан суҳбатлашиб, “Кимдир бизнинг ислоҳотларимизга шубҳа қилса, Мўйноққа келиб кўрсин” деган сўзлари ҳудуддаги янгиланишлар кўлами ва манзарасини янада ойдинлаштирди.
Мени айниқса қувонтирган нарса Амударёнинг қуйи оқимида мўътадил сув оқимини таъминлаши мумкин бўлган ғоянинг олға сурилишидир. Дарё дельтасида сув ҳавзалари барпо этилиши балиқчилик билан чорвачиликни ривожлантиришга имкон бериши аниқ. Амударёнинг Туямўйин ва Тахиатош ҳавзалари қаровсиз қолиб, сув оқизиб келган лойқа билан тўлиб, ҳажми кичрайиб кетган эди. Ушбу сув ҳавзалари таъмирланиб кенгайтирилса, қуйи Амударёда мўътадил сув оқимини ҳам таъминлаш мумкин бўларди.
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бу галги ташрифи ҳам одамларда янги-янги умидлар пайдо қилди, яхши яшашга ишонч туйғусини кучайтирди.
Ўрозбой Абдураҳмонов,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси

 

ЎзА