Хўжайли туманида Ўзбекистон Республикаси  мустақиллигининг 28 йиллиги олдидан “Ҳар бир оила бахтга дахлдор” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Гулистон Аннақиличева  иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси  Президентининг “Ўзбекистон Республикаси  давлат мустақиллигининг  йигирма саккиз йиллик байрамига  тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги  қарорининг мазмун-моҳияти, мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги икки йил  ичида  Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида  батафсил маълумот берди.

Давра суҳбатида таъкидландики, Президентимиз ташаббуси  билан  Қорақалпоғистон  Республикасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар авваломбор хотин-қизлар ва оилалар манфаатларини таъминлаш, оналик ва болаликни  муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш, таълим, соғлиқни  сақлаш соҳаларидаги ишлар юртимиз аёлларининг турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Хўжайли туманида ҳам мактабгача таълим  муассасалари тармоқлари кенгайиб бораётгани, кам таъминланган эхтиёжманд оилаларга бепул ва имтиёзли уй жойлар берилаётгани, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, қизларни оилага ва касбга тайёрлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Тадбир иштирокчилари Қорақалпоғистонга, жумладан, хотин қизларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик Президентимизнинг юксак эътибори  натижаси эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Тадбир доирасида  сенатор Гулистон Аннақиличева  хотин-қизларнинг   мурожаатларини тинглаб, қатор масалалар юзасидан саволларига жавоблар берди.

Қорақалпоғистон  ахборот  агентлиги