Мўйноқда 5,7 миллиард сўмлик ёпиқ сузиш ҳавзаси ва спорт зали қурилди

Мўйноқ тумани марказида 18х36 ўлчамдаги замонавий спорт зали ҳамда 25х11 ўлчамдаги сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди.
Мўйноқ тумани ҳокими ўринбосари Ильяс Мирзамбетовнинг таъкидлашича, умумий қиймати 5,7 миллиард сўм бўлган ёпиқ сузиш сув ҳавзаси туманда илк бор ишга тушмоқда.
Бу каби объектларнинг фаолият кўрсатишидан туман ёшлари беҳад мамнун. Мўйноқда мисли кўрилмаган янгиликлар бўлмоқда. Яқинда “Орол футбол стадиони қурилиб, у ерда туман ёшлари спортнинг футбол, регби, енгил атлетика турлари билан мунтазам равишда шуғулланиши учун имконият яратилган эди. 18х36 ўлчамдаги замонавий спорт залида баскетбол, волейбол, қўл тўпи спорт турлари билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган.
Бундан ташқари, Президентимиз томонидан ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш ва улар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш бўйича белгилаб берилган бешта муҳим ташаббус асосида Мўйноқ шаҳрида «Future Moynak», «IT-Center» ва «Book Café» марказлари қурилмоқда ва яқин орада ишга тушади.
photo_2019-08-20_07-38-19.jpg
Бу марказларни ташкил қилишдан мақсад – ёшларни юқори сифатли ўқитиш, шу асосда инновацион тайёрлаш тизимини ва креатив фикрлаш даражасини ривожлантириш, ҳудудий ва халқаро ахборот технологиялари соҳасига интеграциялашдир.
Эслатиб ўтамиз, IТ-марказларида ўқув асосан 4 йўналишда, яъни, анимация, веб-дизайн, кино-видео маҳсулотлари, компьютер ўйинларини ишлаб чиқариш соҳалари бўйича билим берилади. Шунингдек, ўқувчиларга дарслар жараёнида дастурлаш, компьютер анимацияси, 2D графика, 3D моделлаштириш ҳам ўргатилади.

 

Е.ҚAНОАТОВ, ЎзА