МОҚ раҳбари Москвада Россия спорт вазири билан учрашди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов шу кунларда хизмат сафари билан Россия Федерациясида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Р.Шоабдураҳмонов Россия спорт вазири Павел Колобковнинг ҳам қабулида бўлди. Учрашув давомида ҳар икки томон ўртасида ўзаро ҳамкорлик борасида қатор лойиҳалар хусусида келишувга эришилди.
– Россия ва Ўзбекистон узоқ йиллик мустаҳкам алоқаларга эга ва биз бу ҳамжиҳатликни давом эттиришга тайёрмиз. Ташкилотимиз Ўзбекистон томонининг Россия спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик қилиш борасида 2019 йил учун тузилган Ҳаракат режасини маъқуллайди. Мазкур лойиҳа ҳудудларда спортдаги илм-фан ютуқлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ахборот алмашинуви, спорт ва бошқа йўналишлар бўйича тадбирлар ташкил қилиш тажрибаси, шунингдек, икки мамлакат Миллий олимпия қўмиталари ўртасида чуқур ҳамкорлик қилиш имкониятини яратади, – деди Россия спорт вазири Павел Колобков.
photo5276388038219508310.jpg
Учрашув мобайнида ўзбекистонлик спортчиларнинг катта мусобақаларга тайёргарлик олби бориши учун Россия спорт вазирлигига қарашли спорт базалари тақдимоти ҳам намойиш этилди. Ушбу сафар давомида Рустам Шоабдураҳмоновга МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори, профессор Абдушукур Садиков ҳамроҳлик қилди ва Россиядаги спорт тиббиёти соҳаси мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашди.
Учрашув сўнгида Россия спорт вазирига Ўзбекистон МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди.

 

ЎзА