Нукус шаҳридаги “Mustanab Xilol” масъулияти чекланган жамияти томонидан маиший чиқиндилардан қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
“Экосан” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон ҳудудий ташкилотининг “Миллий тикланиш” демократик партияси Нукус шаҳар кенгаши билан ҳамкорликдаги “Давлат органлари билан ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга, сифатли коммунал хизмат кўрсатишга, аҳоли яшаш шароитини яхшилашга кўмаклашиш” мавзуидаги грант лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда ғолиб бўлиб, молиялаштирилган эди.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида “Mustanab Xilol” масъулияти чекланган жамияти томонидан Нукус шаҳридаги “Қурувчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кўп қаватли уйлар аҳолисига хизмат кўрсатувчи чиқиндихона барпо этилди.
– Мазкур чиқиндихона учун зарур қурилиш материалларини бозордан сотиб олмасдан, улар аҳоли томонидан ташланган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали олинди, – дейди масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рашид Қартбоев. – Масалан, пенопласт материалини бензин билан аралаштириб лак бўёғи ҳосил қилинади. Турли ҳажмдаги резиналарни майдаладик ва уларни лак бу ёғига аралаштириш орқали ҳосил бўлган материални юмшоқ асфальт қопламаси сифатида фойдаландик. Шиша буюмларни ҳам майдаладик ва уларни лак бўёғи билан аралаштириб, турли рангдаги сувоқларда қўлладик. Бундан ташқари, пластмасса буюмларини қайта ишлаш орқали черепица, мато қирқимлари клей аралашмасини гулқоғоз ўрнида фойдаландик. Ахлатхонага қуёшдан қувват оладиган ёритувчи чироқ ва босма кран ўрнатилди. Натижада маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кўп қаватли турар жойлар аҳолиси чиқиндихонадан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, чиқиндиларни қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали анча маблағ тежалди. Масалан, бир квадрат метр юмшоқ асфальт қопламаси 208 минг сўм бўлса, бунинг учун тахминан 60-70 минг сўм сарфланди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши кўп қаватли уйлар аҳолисининг, айниқса, ёшларнинг тиббий, экологик маданиятини оширишга, атроф-муҳит тозалигини сақлашга хизмат қилмоқда. Шунингдек, икки киши доимий иш билан таъминланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА