Рейтингда қатнашадиган мактаблар рўйхати эълон қилинди

Жорий йилда рейтингда қатнашадиган мактаблар рўйхати маълум бўлди, дея хабар қилади Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Давлат инспекциясига умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳоловчи мезонлар (рейтинг индикаторлари)ни тасдиқлаш, 2019 йил 1 январдан бошлаб туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари рейтингини тузиш, рейтинг якунларини оммавий ахборот воситаларида, Давлат инспекциясининг веб-сайтида кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай эълон қилиш вазифаси юклатилган.
Ушбу топшириқлар ижроси юзасидан 2019 йил 30 январь куни Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда жорий йилда рейтинг жараёнига жалб қилинадиган умумтаълим муассасаларини танлаб олиш, рейтингга оид маълумотлар базасини шакллантириш, таълим муассасаларида ижтимоий сўровлар ўтказиш, назорат ишлари ўтказиладиган фанлар ва назорат турлари белгилаб олинди.
Эслатиб ўтамиз, мактаблар рейтинги ҳақида аввалари маълумот бериб ўтилган эди.
Йиғилиш қарорига кўра, жорий йилда қуйидаги 3 та кўрсаткичлар (индикаторлар) бўйича мактаблар рейтинги тузилади:
        — “9-синф ўқувчиларининг билим даражаси кўрсаткичи”;
        — “Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши”;
         “Ижтимоий сўров натижалари”.
Белгиланган тартибга кўра, рейтингда иштирок этиш учун Республика бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги барча туман (шаҳар)лардан ўртача 10 фоиз мактаблар танлаб олинади. Танланган ҳар бир мактабнинг 1 тадан 9-синфи қура ташлаш йўли билан синовларда иштирок этади ва ушбу синовларга жами 30 минг нафар ўқувчиларнинг иштирок этиши кутилмоқда.
Жорий йилда рейтингга жалб қилинадиган умумтаълим муассасалари рўйхати уларнинг умумий сонига нисбатан 10 фоиз миқдорда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари томонидан шакллантирилади ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартига мувофиқ, умумтаълим фанларини ўрганишнинг А2 таянч даражасида белгиланган талаб бўйича 9-синф ўқувчилари учун рейтинг ўтказишда «Она тили» фанидан 125-140 сўздан иборат диктант ёзилиши ва «Математика» фанидан 4 та мисол ва 1 та масаладан иборат ёзма иш олиниши белгиланди.
Умумтаълим мактабларининг рейтингини аниқлаш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби Давлат инспекцияси ходимлари, Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги таълим сифати мониторинги шўбаси ходимларидан иборат бўлади.
Шунингдек, ўқувчилар томонидан ёзилган диктант ва ёзма ишлар Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилган баҳолаш мезонлари асосида экспертлар томонидан текширилади.
Шу билан бирга 2019 йилдан бошлаб умумтаълим муассасалари 9-синф битирувчиларининг билим даражаси PISA халқаро баҳолаш дастури талабларига мувофиқ баҳоланиши тажриба-синов тариқасида амалга оширилади.
Давлат инспекциясининг матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳозирда мактаб рейтингига мўлжалланган веб-саҳифаси устида ишлар олиб борилмоқда. Бунда олдинги йили олий таълим муассасалари рейтинги натижалари эълон қилинган вебпортали (http://reyting.tdi.uz) платформасидан фойдаланилиши режа қилинган.
2019 ўқув йилида рейтинг жараёнида қатнашадиган 
умумтаълим муассасалари
 
РЎЙХАТИ
 
1.JPG
2.JPG
3.JPG
4.JPG
5.JPG
6.JPG
7.JPG
8.JPG
9.JPG
10.JPG
11.JPG
12.JPG

 

ЎзА