Мўйноқда ралли бўйича мусобақа ўтказилади

Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида 2019 йилда 363 километрлик масофада ралли бўйича мусобақа ўтказилиши режалаштирмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ўтказиладиган ушбу мусобақа Орол денгизининг қуриган туби ва Устюрт текислиги йўналишида ташкил қилинади.
– Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳудудда туризмни ривожлантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир, – дейди Бош прокуратуранинг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори Руслан Тасимбетов. – Мусобақа туман марказидан бошланиб Қора жар посёлкаси, Судочье кўли, Устюрт текислиги орқали Орол денгизи қирғоғидаги ўтовларгача борилади. Қайтишда Қабанбай қиялиги орқали “Учсой” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтиб келинади. Ралли трассасида иштирокчилар мамлакатимиздаги чиройли манзараларни, яъни Судочье кўлини, Урга – эски балиқчилар қишлоғини, Устюрт каньонларини, кўчманчи қабилаларга оид тарихий масканларни, денгиз қирғоғидаги XII-XIII асрларга тегишли карвон саройини, олислаб кетган Орол денгизини ва Кемалар қабристонларини томоша қилиши мумкин.
Президентимиз томонидан Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашиш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мутасаддилар томонидан топшириқларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг махсус буйруғи асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси тузилган эди. Ҳозирда ушбу бошқармада 12 нафар ходим фаолият олиб бормоқда.
Мўйноқда бошланаётган шу ва бошқа йирик лойиҳаларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантиришда қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси ташаббускорлик қилмоқда.
Ҳудуддаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига электротехника, педагогика, автослесарь, пайвандчи, туризм соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар тайёрланиши юзасидан таклиф киритилди. Бошқа давлатларда ўқиган мўйноқлик 46 нафар фуқаронинг дипломларини нострификация қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Мўйноқ туманидаги йўлларнинг бўйига мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди. Туманга инвестор ва туристларни жалб қилиш ҳамда улар учун маълумотларни етказиш мақсадида www.newmuynakcity.uz сайти ишга туширилди. Айни пайтда туман марказида маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳлар эътиборини жалб қиладиган арт объектлар ташкил этилаётир.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА