Таълим тизимида АКТ ташаббуси ўзини оқлайдими?

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими тизимини инновацион ривожлантириш, педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти икки йўналишда фаолият олиб боради. Бу ерда касб-ҳунар таълими тизимидаги раҳбар ходимларнинг малакаси оширилади. Шу билан бирга, касб-ҳунар таълими муассасаларининг методик таъминоти билан шуғулланилади. Юздан ортиқ мутахассислар фаолият юритади. Тизимда мақбуллаштириш ишлари давом этаётган бўлса-да, соҳа кадрлари белгиланган муддатда малака оширмоқда.
Институт кутубхонаси 15 мингдан ортиқ китоб билан таъминланган. Шундан 4 мингтаси бадиий адабиёт, қолгани соҳаларга оид дарсликлардан иборат.
Бу ерда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили“ Давлат дастури ижроси доирасида янги, инновацион, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида касб-ҳунар таълимини инновацион ривожлантиришга оид хоналар ташкил этилган.
Марказга кирганданоқ китоб тасвирига кўзингиз тушади. Атрофида эса китобдан олинган билим орқали эришиладиган соҳалар, йўналишлар тасвирланган. Бу ерда “Ўқи, ўйла, англа, идрок қил, тафаккур қил, бунёд эт” деб ёзилган жумлалар ҳар бир ёшни ўқиб-ўрганишга даъват этади.
Марказдаги иккита устунда инновация ва Стратегияда белгиланган вазифалар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, оғир ва енгил саноат, қуролли кучлар, атом энергетикаси, хуллас таълим тизимининг барчаси акс этган.
Инновацион марказ тўлалигича китоб билан таъминланган. Мониторларда дунёда содир бўлаётган воқеалар, янгиликлар намойиш этилмоқда. Касб-ҳунар таълими тизимидаги соҳавий йўналишлар ҳақида тасвирлар қўйилмоқда. Барча хоналар компьютерлар билан жиҳозланган.
Синфхона. Бугунги ёшлар, истиқлол фарзандларининг тасаввурига сиғмас бўлса-да, бир вақтлар ўқувчиларга билим беришда қулай бўлган парталар жойлаштирилган. Тўғрироғи мустақилликкача бўлган даврда фойдаланилган парталар ва ёзув қуроллари ўтмишдан сўзлайди. Кимнингдир ҳайратини оширса, ким учундир янгилик, яна ким учундир бу ўқувчилик йилларини ёдга солади.
Кейинги ўқув хонасига кириш эшигиёқ замонавийликдан дарак беради. Унда стол-стуллар ноанъанавий тарзда жойлаштирилган. Ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Китоблар жамланмаси ҳам ўзига хос жавонлардан жой олган. Кичик гуруҳлар билан ишлаш учун қулай шароит бор.
Айни вақтгача бешта хона жиҳозланган. Бу хоналарда касб-ҳунар эгаллаш ҳар ким учун муҳим аҳамиятга эгалиги, кишининг касбий фаолиятида ўрни беқиёслиги акс этган. Дарслар электрон тарзда ўтилади. Ҳар бир дарслик матн, видео, аудио, тақдимот шаклида ёшларга берилади.
– Айни вақтда марказда 50 дан зиёд планшет, 20 дан ортиқ компьютер бор, – дейди институт директори ўринбосари Абдурашид Турғунов. – Ҳозирда институтда ўрта махсус касб-ҳунар таълими жараёнида ўтиладиган 100 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича дарсликлар электронлаштириб бўлинди. 10-11-синфлар коллежларга касб-ҳунар ўрганиш учун боради. Уларга мўлжалланган 51 касб-ҳунар бўйича дарсликлар ҳам электронлаштирилди.
Бу каби инновацион хоналарни Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Электронлаштириш жараёни ўқитувчи ва ўқувчи учун қулайлик яратади, интерактив мулоқотни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Келгусида амалиётга тақдим этилган мазкур лойиҳа ўзини оқлайдими?
Буни вақт кўрсатади. Зеро китоб билан ошно бўлган ҳеч бир қалб ёмонликка ёндашмайди. Ватанга содиқ, сўзида собит турадиган фарзандлар бўлиб улғаяди.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА