Олий Мажлис Сенати қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси олдидан Сенат қўмиталари ва комиссиясининг мажлислари бўлиб ўтди. Уларда ўн еттинчи ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидаги ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ҳар бир йигит-қизнинг фаол ҳаётий позициясини шакллантириш, ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топиши, ўз қобилиятлари ва имкониятларини рўёбга чиқаришига қаратилган дастур ва лойиҳалар татбиқ этилаётганлиги билан изоҳланади. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан мамлакатимизда жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантириш, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб қилиш, уларнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилган.

Қонуннинг 5-моддасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қаторида ёшларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ йигит-қизларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш мақсадида турли оммавий спорт тадбирлари, спорт фестиваллари, маҳорат сабоқлари, кўргазмали чиқишлар, спорт ҳафталиклари, «очиқ эшиклар» кунлари ўтказилиб келинмоқда.

Жумладан, спорт турлари бўйича 2018 йил учун тасдиқланган оммавий спорт тадбирлари ва республика даражасидаги мусобақалар календарь режасига мувофиқ, жорий йилнинг ноябрь ойига қадар жами 84 минг 18 спорт мусобақаси ташкил этилди. Улар туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган. Беллашув ғолиблари муносиб тақдирланган. Қолаверса, бу каби мусобақаларни ўтказиш орқали миллий терма жамоа аъзолари таркибига кўплаб ёш иқтидорли спортчилар саралаб олинган.

Ўрганишлар давомида ютуқлар қатори камчиликлар ҳам аниқланган. Хусусан, спорт йўналишидаги таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди. Масалан республикадаги 15 та ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатини кейинги икки йилда 3 минг 216 нафар спортчи тамомлаган. Улардан 1 минг 984 нафари иш билан таъминланган, 785 нафари юртимиздаги олий таълим муассасаларида, 95 нафари хориждаги олий таълим муссасаларида ўқишни давом эттираётган бўлса, 256 нафари иш ёки ўқиш билан таъминланмаган. Мамлакатимизда спорт соҳасидаги кадрларга эҳтиёж мавжудлиги инобатга олинса, битирувчиларнинг кейинги тақдири юзасидан мониторинг ишлари самарали ташкил этилмагани ойдинлашади.

Вазирлик томонидан профессионал спортчилар билан ишлашда самарали тизим йўлга қўйилган бўлса-да, аҳолини оммавий спортга жалб этиш, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғуллантириш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган. Дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларидаги спорт объектларидан барча ёшдаги одамларнинг фойдаланиши ташкил этилмаган.

Жойлардаги бўш турган хусусий объектлар негизида аҳолини оммавий спортга жалб қилиш учун имтиёзли хизмат кўрсатувчи спорт марказларини ташкил этиш, таълим муассасаларидаги спорт залларида ҳамда бўш турган объектларда спорт секцияларини очиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилмоқда. Қолаверса, вазирлик тизимида давлат-хусусий шериклик ҳамкорлиги юзасидан амалга оширилаётган ишларни қониқарли, деб бўлмайди.

Мажлисда ўрганиш давомида аниқланган камчиликларнинг сабаблари атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва тавсиялар билдирилди, шунингдек, муҳокама этилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

* * *


Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳолатини ўрганиш натижалари ҳам муҳокама қилинди.

Имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимизнинг доимий диққат марказида турган масалалардан бири ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши белгиланган.

Сўнгги икки йил мобайнида имконияти чекланган инсонларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинди. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби ишлаб чиқилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Бироқ, олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, мамлакатимиз таълим соҳасида ушбу йўналишда қатор камчилик ва муаммолар ҳамон ечимини кутмоқда. Хусусан, республика бўйича 9 минг 628 умумтаълим мактабида таҳсил олаётган имконияти чекланган ўқувчилар тўғрисида статистик маълумотлар Халқ таълими вазирлиги томонидан юритилмайди. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчиларнинг ногиронлик турлари ва гуруҳидан келиб чиқиб, таълим бериш усулларини кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш имкониятини чекламоқда.

Мактабга қатнай олмайдиган имконияти чекланган болаларнинг уй шароитида ўқитилишига давлатимиз томонидан алоҳида аҳамият берилаётган бўлса-да, жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги оқибатида бу шаклда билим бериш жараёни сифатли ташкил этилмаяпти. Ўқитувчиларга белгиланган тартибда қўшимча ҳақ ва йўл ҳақи компенсацияси тўланса-да, ногирон боланинг уйига бориб доим ҳам дарс ўтилмаяпти. Мактаб директорлари, синф раҳбарлари ва ўқитувчилар “Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига тўлиқ риоя этмаяпти.

Қолаверса, уйда якка тартибда таълим олувчи ўқувчиларни зарур ўқув қуроллари билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилмаган. Бундай шаклда таълим олган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлиги тўғрисида статистик ва таҳлилий маълумотлар юритилмаслиги уйдаги таълимининг сифат даражасини аниқлаш имконини бермаяпти.

Мажлисда ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг моддий-техник таъминоти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бу борадаги ишлар лозим даражада ташкил этилмаган. Зарур асбоб-ускуналар ва эшитиш мосламаларининг чет элдан қиммат нархларда келтирилиши, бундай ускуналарни ишлаб чиқаришнинг мамлакатимизда йўлга қўйилмаганлиги таълим муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш имконини бермаяпти. Бу йўналишда мутасаддилар томонидан маҳаллийлаштириш дастурларига тегишли бандлар киритилса ва уларнинг ижроси таъминланса, кўплаб муаммолар ҳал этилиши мумкинлиги қайд этилди.

Шунингдек, мажлисда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ҳамда халқ таълими вазири ўринбосарининг муҳокама этилаётган масала юзасидан ахбороти эшитилди. Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларнинг сабаблари атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва тавсиялар билдирилди.

Мажлис якуни бўйича муҳокама этилган масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимовга парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА