​Ҳайдовчи махсус текширувга боришдан бўйин товласа...

Бундай ҳолатда у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч йилгача маҳрум этилиши мумкин.
Бу жорий йил 22 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.
Мазкур қонунда транспорт воситаларининг бошқаруви билан боғлиқ муаммоларни янада тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг бир неча моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, мазкур кодекснинг 128 3-моддасининг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларидаги жарималар миқдори ва жазо тури ўзгарди. Унга кўра, ҳайдовчи бошқарувидаги транспорт воситаси билан ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган тезлик нормасини бузса, яъни ҳайдовчилар транспорт воситаси билан белгиланган нормадан соатига 40 километрдан юқори тезликда ҳаракатланса, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 9 баравари миқдорида жарима белгиланадиган бўлди.
Ҳайдовчилар белгиланган тезликни нормадан оширгани сабаб 2 маротаба маъмурий жазога тортилган бўла туриб, 1 йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликни такроран содир этса, юқоридаги модданинг тўртинчи қисмига асосан энг кам иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жаримага тортилади ёки 1 йил муддатгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Ушбу турдаги ҳуқуқбузарликни содир этгани учун 3 маротаба маъмурий жазога тортилгандан кейин 1 йил давомида такроран шу ҳолатни содир этса, мазкур модданинг бешинчи қисмида қайд этилганидек, 2 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жаримага тортилади.
Эндиликда ҳайдовчилар транспорт воситаларини спиртли ичимлик, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарса, 131-моддага мувофиқ транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга маҳрум этилиб, энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан содир этиладиган бўлса, уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 40 баравари миқдорида жарима солинади ёки 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.
Бундан ташқари, маст ҳолатда бўлган шахсга транспорт воситасини бошқариш учун берган шахсга нисбатан ҳам энг кам иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жарима тайинланади ёки 2 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Йўл ҳаракати қоидаларини бузиши сабабли ҳайдовчи транспорт воситаси билан жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида моддий зарар етказса, кодекснинг 133-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 7 бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилади ёки 1 йилдан 3 йилгача транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Шунингдек, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида транспорт воситалари, йўл ҳаракатини тартибга солувчи воситалар ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келса, ҳайдовчига нисбатан энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 4 бараваригача бўлган миқдорда жарима белгиланади ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ойдан 1 йилгача маҳрум этилади. Етказилган зарар миқдори энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан кам бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
Транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, мажбурий суғурта полисисиз, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, шунингдек, ишончномасиз, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномани белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказмасдан транспорт воситасини бошқариш энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида жаримага сабаб бўлади. Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, шунингдек, бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситасини бошқариш учун топширилиши энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг бундай воситаларни бошқаргани учун энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима белгиланади.
Биламизки, автомашина бошқарувига маст ҳолда ўтириш турли кўринишдаги фалокатлар юз беришига олиб келади. Айнан йўллардаги хавфсизликни таъминлаш мақсадида транспорт воситалари ҳайдовчилари ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчилари спиртли ичимлик ичган ёки ичмаганлигини аниқлаш мақсадида жорий этилган текширувга боришдан бўйин товлаганлик учун ҳам қонуний жавобгарликка тортиш кучайтирилди. Хусусан, кодекснинг 136-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ҳайдовчи текширувга боришдан бош тортгани учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга маҳрум қилиниб, қўшимча тарзда энг кам иш ҳақининг 15 баравари миқдорида жаримага тортилади.
Қайд этиш керакки, қонун 3-моддасининг 15-банди мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади, қонун 3-моддасининг 3-банди, 28-бандининг иккинчи хатбошиси мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач амалга киритилади.
Мирзо Улуғбек Мадалимов,
ИИВ Жамоатчилик ва оммавий
ахборот воситалари билан
алоқалар бошқармаси ходими.

 

ЎзА