Тошкентда 29 октябрь куни Марказий Осиё экспертлар форумининг биринчи мажлиси ўз ишини бошлади.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Д.Аҳатов, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти директори З.Шаукенова, Қирғизистон Республикаси стратегик тадқиқотлар миллий институти директори К.Шадибеков, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Х.Холиқназар, Туркманистон Молия ва иқтисодиёт вазирлигининг Стратегик ва барқарор ривожланиш институти директори О.Аширов, шунингдек, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Н.Герман иштирок этди.
Мулоқот чоғида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Мажлисда сўнгги икки йил минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тарихий ва жадал ўзгаришлар даври бўлгани, Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда аниқ мақсадли стратегик шериклик муносабатлари қарор топгани таъкидланди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил 15 март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви юқори савияда ташкил этилгани бунда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Бугунги кунда Марказий Осиёда икки ва кўп томонлама тадрижий, барқарор ривожланишни таъминлаш учун зарур шароит яратилган. Шунингдек, минтақада муҳим йўналишларни бирлаштирувчи умумий омиллар мавжудлиги, бунинг тинчлик, барқарорлик ва фаровон ҳаёт истаги билан қўллаб-қувватланаётгани ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама равнақ топтириш учун ишончли асос яратмоқда.
Илк бор ўтказилаётган Марказий Осиё экспертлар форуми барча соҳалардаги муносабатларни тараққий эттиришга қаратилган чора-тадбирларни кўриб чиқиш ва қарашларни умумлаштириш, тегишли тавсиялар ишлаб чиқишда қулай платформа бўлиб хизмат қилади.
Форумда ҳамкор минтақа давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш, илғор технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, рақамли иқтисодиётни амалиётга татбиқ этиш, транспорт-транзит имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Минтақада сув-энергетика ресурслари, озиқ-овқат етиштириш ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси ва қайта ишлаш саноатини ривожлантиришдек долзарб вазифалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
– Марказий Осиё мамлакатлари барқарор келажак қуришдек муштарак мақсад йўлида дадил интилмоқда, – дейди Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ташқи сиёсат таҳлил департаменти бошлиғи Абдуллоҳ Раҳнамо. – Бу борадаги имкониятларни бирлаштириш, тажриба ва фикр алмашиш, ягона ғоя атрофида бирлашиш учун томонларда сиёсий ирода мавжуд. Ўз мамлакатининг сиёсат йўлини, интеграция концепциясини ишлаб чиқишда иштирок этадиган таҳлил марказлари, тадқиқот институтлари вакиллари бугун умумий қизиқишларни рўёбга чиқариш мақсадида жам бўлди. Янги форматдаги учрашув мамлакатларимиз ўртасида доимий сиёсий маслаҳатлашувларни олиб бориш, аниқ стратегияни ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда муҳим ўрин тутишига ишонаман.
Экспертлар глобаллашув шароитида минтақада барқарор иқтисодий ўсиш суръатини таъминлашда қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этдилар. Шу мақсадда жафокаш афғон халқига барқарорликка эришиш ва эзгу мақсадларга қаратилган ўз иродасини рўёбга чиқариш имконини берувчи сиёсий ва иқтисодий кўмак беришни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Форумда иқтисодиёт, инвестиция, савдо соҳаларидаги ҳамкорлик, интеграция жараёнини жадаллаштириш, минтақада диний экстремизм ва радикализм, терроризм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Тадбирда ўрта ва узоқ муддатли минтақавий ҳамкорликда умумий стратегик ёндашувларни ишлаб чиқишнинг мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Томонлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш соҳасида аниқ вазифаларни белгилаб олиш, уларга эришиш йўлларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА