Фидокорона меҳнатининг муносиб баҳолониши: аёл судьяларга юксак эҳтиром

19

Мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида барча соҳалар каби, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам йирик ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатимизда инсон қадри ва унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, янги парламентимиз томонидан 2025 йилнинг ўзида судлар фаолияти ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтиришга оид қонунлар қабул қилинганини таъкидлашимиз лозим.

Шу билан бирга, мамлакатимизда суд соҳасида гендер тенгликни таъминлаш, ҳар томонлама чуқур билимга эга кадрларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада ҳам кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги пайтда барча соҳа ва тармоқларда эришаётган натижаларимизга шу нуқтаи назардан баҳо бериб, уларнинг замирида, аввало, инсонпарварлик ва халқчиллик тамойиллари мужассам эканини ва улар ўз самарасини бераётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Гулистон Ешназарова ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяси Жанат Аймаганбетовалар суд тизимида самарали меҳнат қилаётган шундай билимли кадрлардан ҳисобланади.

Гулистон Ешназарова 2023-2025 йиллар давомида апелляция, кассация ва тафтиш тартибида 246 та, инстанция тартибида 13 та иқтисодий ишларни, Ж.Аймаганбетова 170 та маъмурий ишларни кўриб чиқиб, қонун асосида қарор чиқарди. Шу билан бирга, улар аҳолининг ҳуқуқий билимини юксалтириш мақсадида, республикамиз ҳудудларида яшовчилар билан учрашув ўтказиб, қонунчилигимизга киритилаётган янги ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида кенг тарғибот ишларини олиб борди. Республикамиз оммавий ахборот воситаларида сўзга чиқиб, ўзларининг фаолликларини намойиш этдилар. Улар амалдаги қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳам ўз фикр ва таклифларини билдириб келмоқда.

Шунингдек, ёш кадрларга ўзларининг билим ва иш тажрибаларини ўргатиб, уларга устозлик қилиб келмоқда. Уларнинг қилган ана шундай фидокорона меҳнатлари инобатга олиниб, хотин-қизлар байрами арафасида, 10 март – Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан мамлакатимиз суд органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, соҳага оид ислоҳотларни чуқурлаштириш, одил судловни адолат, холислик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга ошириш орқали Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшаётгани, юксак профессионал маҳоратини намоён этиб, хизмат вазифасини ўз касбига садоқат билан бажариб келаётгани, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти ҳамда жамият ҳаётидаги фаол иштироки учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус Фармони билан Гулистон Ешназарова «Жасорат,» Жанат Аймаганбетова «Шуҳрат» медаллари билан тақдирланди.

Ўз навбатида биз ҳам ўз касбининг фидойиси бўлган ушбу судьяларни олган юксак мукофотлари билан чин дилдан табриклаб, уларнинг келгуси ишларига ривож тилаймиз!

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги