Парашютдан сакраган биринчи қорақалпоқ қизини биласизми?

14

Ҳар бир даврнинг ўз қаҳрамонлари бўлгани каби, Шаригул опа қайси даврда яшамасин, ўзининг мардлиги, билими, моҳир ташкилотчилик қобилияти билан давр қаҳрамони бўлган аёл. Бугун парашютдан сакраш оддий нарса бўлиб қолган бўлиши мумкин, лекин, 1961 йили қорақалпоқ қизининг «юрак ютиб» парашютдан сакраши бу ўша давр аёл-қизлари турмушидаги катта янгилик эди…

Собиқ ВЛКСМнинг 50 йиллиги совхозида (ҳозирда Шўртанбой элати) масъулиятли ишларда ишлаб юрган вақтларида ўзининг фаоллиги билан кўзга тушган Шаригул Юсупбоеванинг ҳаёт йўлидаги тажрибаси ўша узоқ ёшлик йилларида қолган ўзига хос бўлган қайсарлиги, ўзига бўлган ишонч билан ташлаган қадамидан бошланган эди…

– Мактабни кумуш медаль билан битириб, 1959 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг иқтисодиёт факультетига ўқишга кирган пайтларим эди, – дейди у ўша ёшликни эслаб. Талабаларнинг турли тўгаракларга қатнашиши белгиланганлиги сабабли мен ДОСААФнинг парашютдан сакраш тўгарагига ёзилиб, ўнинг сакраш сирларини ўргана бошладим. Бир куни самолётга чиқиб, парашютдан сакраймиз деб тиббий кўрикдан ўтдик. Текширувдан муваффақиятли ўтган ёшлар орасида биринчи марта 1961 йилнинг 12 мартида «Ан-2» самолётидан 800 метр баландликдан сакрадим…

Очиқ ва кўм-кўк осмон қўйнида оппоқ қулоч ёйган парашютда ерга етгунча мардликни бўйнига олиб, таваккалчиликни тумор қилган қорақалпоқ қизи ўша куни парашютдан сакраган биринчи қорақалпоқ қизи бўлиб тарихда қолди. Мана шундан бери ҳам орадан 65 йил вақт ўтибди.

Сиз кўриб турган сурат «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналининг фотомухбири М. Розенкранс томонидан олинган бўлиб, берилган топшириқни муваффақиятли бажариб, қувончдан юзлари порлаб турган пайтда олинган бу суратда ёшликнинг, жасоратнинг ўзига хос бўлган гўзал кўриниши акс этган. Пастда кутиб турган дўстлари қувонч билан кутиб олиб, ҳаммаси «десант»ликни масъулият билан бажарган ўша дамлар унинг бир умр юрак тўрида сақланиб қолган.

Шаригул опа институтни тугатгандан сўнг Кегейли туманидаги собиқ Жданов номидаги хўжаликда иқтисодчи бўлиб ишлашдан меҳнат фаолиятини бошлади. Қайнаб турган ғайрат, жасорат билан давом этаётган ҳаёт йўлида у ўша даврдаги хўжалик раҳбарларининг ишончи билан комсомол қўмитасининг ишларида масъулиятли вазифаларни бажарди. 1967 йилдан бошлаб янгидан жойлашган Нукус туманидаги  ВЛКСМнинг 50 йиллиги совхозида (ҳозирги Шўртанбой) аввал ҳисобчи, кейин кадрлар бўлимининг бошлиғи лавозимини бажариб, 1975 йилдан бошлаб қишлоқ кенгашида котиб бўлиб ўн икки йил иш олиб борди ва кейин «Шўртанбой» ширкат хўжалигининг касаба уюшмаси қўмитасида раҳбарлик қилади.

Қорақалпоқнинг биринчи «десант» қизи азалдан қонига сингган жасорати билан у меҳнат йўлида қандай лавозимни бажармасин ва қатъий ҳамда меҳрибон хулқи билан барча ишни ўз вақтида бажариб, эл-юрт олдида яхши ном, яхши обрў орттирди. Эркакларга хос ғайрат билан олиб борган моҳир ташкилотчилик ишлари орқали у шоликорлик билан ном чиқарган совхознинг иқтисодиёти ривожланишига муносиб ҳисса қўшди.

1994 йилдан бошлаб фахрий нафақага чиққан Шаригул Юсупбоева «Нуроний» жамғармасининг Шўртанбой хўжалигидаги жамоатчилик марказига раҳбарлик қилди. У раҳбарлик қилган даврда марказ «Энг яхши жамоат маркази» танловининг Ўзбекистон босқичида иккинчи ўринни эгаллади.

Табиатан нозик табиатли бўлиб яратилган аёл учун унинг умрини гўзалликлар билан безаб, турмуш йўлида «қўш арава»ни тенг тортиб, оғирини енгил қиладиган умр йўлдошининг ўрни алоҳида. Шундай вазифани муносиб адо этган, мактабда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган умр йўлдоши Аралбай Бекназаров (марҳум) билан биргаликда улар ўғил-қизларни вояга етказиб, жамиятда муносиб ўрин топишида яхши тарбия берди.

Айни пайтда Шаригул опа бахтли нуронийлик ёшида  ўғил-қизлари, набира ва чеваралари билан қучоғи тўла бўлган бахтли она. Қишлоқда, маҳаллада, қўни-қўшни ва яқинлари даврасида оқсоқоллиги билан ёшларга йўл кўрсатишда чарчамайдиган унинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, «Ибратли аёл» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бизга тарихдан маълум бўлганидек қорақалпоқ аёл-қизлари орасида мардлик тимсоли бўлган воқеалар кўп. Бироқ, парашютдан сакраган биринчи қорақалпоқ қизининг ғайрати ўз олдига барча қизларимиз учун ўрнак, фаоллик, жасорат бахш этиши шубҳасиз.

-Ёшлик қайта айланиб келса парашютдан яна сакрар эдим, -деб жилмайиб юзларидан нур ёғилиб турган онамизни бахтли даврнинг бахтли онлари тарк этмаслигини тилаб, байрам билан табриклаб, зўр муваффақият тилаймиз.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги