Президент: Энди хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири баҳоланмай туриб, бирорта қонун қабул қилинмайди

15

Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбирида давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев бутун Ўзбекистон аёлларини 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этди.

Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани таъкидланди.

Барча қонун, фармон ва қарорларни қабул қилишда гендер масаласи бўйича ҳуқуқий механизмлар жорий этилди. Энди хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири баҳоланмай туриб, бирорта қонун қабул қилинмайди.

Яратилган кенг имконият ва шароитлар ҳисобига 230 мингга яқин тадбиркор аёллар синфи шаклланди, миришкор фермер аёлларимиз 12 минг нафардан ошди. Илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшаётган олималаримиз 6 минг нафардан ошди. Ўтган йили дунё ареналарида шижоатли қизларимиз 167 та олтин, 193 та кумуш, 243 та бронза медалини қўлга киритди.

Хотин-қизларимиз ҳаётидаги ана шундай катта ўзгаришлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади. “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида эса ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 48-ўринга чиқди.

ЎзА