Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги вазири Комилжон Айтбаев вазирлик жамоаси билан биринчи йиғилишини ўтказди.
Йиғилиш давомида вазирлик тизимида ижро интизомини мустаҳкамлаш, хизмат вазифаларини масъулият билан бажариш ва ҳар бир ходимнинг ҳудудларга чиқиб, фермер хўжаликлари ва деҳқонлар билан бевосита ишлашини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, олдимизда турган 2026 йил ҳосили учун экиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, фермер хўжаликларига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва маълумотлар асосида самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.


Янги раҳбар вазирлик жамоасини олдимизда турган вазифаларни ҳамжиҳатлик, масъулият билан амалга оширишга чорлаб, қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш йўлида тизимли ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги