БАА: Минтақадаги кескинликка қарамай портлар фаолияти тўхтамайди
Бирлашган Араб Амирликларининг йирик логистика ва порт оператори – “AD Ports Group” минтақадаги геосиёсий вазиятга қарамай, барча операциялар одатий тартибда давом этаётганини маълум қилди. Компания хавфсизлик чораси сифатида инқирозни бошқариш ва бизнес узлуксизлигини таъминлаш режаларини ишга туширган.
Бу жараён Амирликнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда амалга оширилиб, ходимлар ва мижозлар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб ёзди “WAM” нашри.
Таъкидланишича, компания бошқараётган барча портлар ва терминаллар, жумладан Халифа порти ҳам тўлиқ иш фаолиятини давом эттирмоқда. Шу билан бирга, Ҳормуз бўғози орқали кемалар ҳаракати камайгани сабабли Халифа портига кириб келаётган кемалар сони қисқариши мумкинлиги қайд этилди, аммо бу порт хизматларининг узлуксиз ишлашига таъсир қилмаслиги таъкидланди.
“AD Ports Group” маълумотига кўра, минтақадаги вазият сабаб айрим савдо йўналишлари ўзгариши эҳтимоли бор ва бу компаниянинг глобал денгиз тармоқларида юк ташиш ҳажмини ошириши мумкин. 122 та юк кемасининг аксар қисми Ҳормуз бўғозидан ташқари ҳудудларда фаолият юритмоқда, бўғоздаги кемалар эса Форс кўрфази ичидаги рейсларни давом эттирмоқда.
Компания раҳбари Муҳаммад Жума аш-Шомисий геосиёсий кескинликларга қарамай, халқаро савдо барқарорлиги сақлаб келинаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, самарали бошқарув ва хавфларни олдиндан баҳолаш орқали компания глобал таъминот занжирлари барқарорлигини қўллаб-қувватлайди.
Мусулмон Зиё, ЎзА