Рамазон хайр-саховат ва меҳр-мурувват ойи

Рамазон хайр-саховат ва меҳр-мурувват ойи бўлиб, бу ойда эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш тадбирлари жойларда давом этмоқда.
O’zLiDePдан Қорақалпоғистон Республикасы Жўқорғи Кенгес депутати Қоразбай Ешбаев Қўнғирот туманидаги “Хорезм”, “ Қўнғирот”, “Адебият”, “Урнек” ва “Қият” овул фуқаролар йиғини ҳудудларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалардан хабар олди.
Муборак рўза ойи муносабати билан ташкил этилган ушбу хайрия тадбирида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Ташриф давомида депутат аҳоли билан мулоқот қилиб, уларнинг турмуш шароити, муаммо ва таклифларини тинглади.
Саховат ва меҳр-оқибат ойида амалга оширилган бу каби эзгу ишлар фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширади.

Партия вакиллари томонидан жойларда олиб борилаётган бундай хайрли тадбирлар халқ манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги