Элликқалъа туманида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Элликқалъа туманида янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Дастлаб, Жўқорғи Кенгес Раиси «Зарбдор» тажрибаси асосида Оқчакўл бўйидаги туризм рекреацион зонасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг, «Қабатқалъа» маҳалласи ҳудудида «Buston-Buxgalteriya» МЧЖ томонидан қоғозни қайта ишлаш орқали хўжалик қоғозларини ишлаб чиқариш, «ELLIKQAL’А OLTIN TOLASI KLASTERI» МЧЖ томонидан амалга оширилаётган пахтани қабул қилиш пунктини ташкил этиш ва тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш, «MEDI-UM ENERGY STREAM» МЧЖнинг полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш лойиҳалари кўздан кечирилди. Тадбиркорларга яқиндан кўмаклашиш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган ҳар қандай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар, жийда кўчатини етиштириш лойиҳаси ва аҳолига кўрсатилаётган пуллик хизматларнинг бориши ўрганилди. Қўшимча даромад топишга қаратилган лойиҳаларни кўпайтириш кераклиги алоҳида таъкидланди.
«Навоий» маҳалласидаги «BO‘STON STRAUSI» фермер хўжалиги томонидан туяқуш боқиш, «Қўшқора» маҳалласи ҳудудидаги «ISLOM NASL CHORVA» МЧЖ томонидан чорвачилик комплексини ташкил этиш, «Думанқалъа» маҳалласидаги Мадаминов Аллабергеннинг томорқасида ташкил этилган кўчатчилик лойиҳалари кўриб чиқилди.
Шундан сўнг, «Навоий» маҳалласи ҳудудидаги «Boston CHerri» фермер хўжалиги ер майдонида янгидан барпо этилаётган ўрик боғига «Яшил макон» лойиҳаси доирасида қишлоқ оқсоқоллари, нуронийлар билан бирга эзгу ниятлар билан мева кўчатлари экилди.
Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раислигида Элликқалъа туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда дастлаб, аҳолининг қўшимча даромад олишига кўмаклашиш, фаровон турмушини таъминлаш борасида ҳурматли Президентимиз томонидан яратиб берилган имтиёзлар ҳақида кенг турда сўз юритилди. Шунингдек, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида берилган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
Бундан сўнг туманни ҳар томонлама ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби белгиланган вазифаларнинг ижроси ва бошқа масалалар танқидий кўриб чиқилди.

Шунингдек, бу ишларни амалга оширишда айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани танқид қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, ўз вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим масъулларга интизомий жазо чорасини қўллаш, зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги