Саратонга қарши курашиш бўйича миллий дастур қабул қилинади

“2026-2035 йилларда саратонга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унга кўра, 2026-2035 йилларда саратон касалликларига қарши курашишнинг асосий мақсадлари белгиланади.
Хусусан, хавфли ўсма касалликларини эрта босқичларда аниқлаш улушини 45 фоиздан 59 фоизгача ошириш;
хавфли ўсма касалликлари аниқланган беморларнинг беш йиллик яшовчанлигини 40 фоиздан 55 фоизгача етказиш;
онкологик беморларнинг камида 80 фоизини замонавий ташхислаш ва даволаш технологиялари билан қамраб олиш;
аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган ва олдини олиш мумкин бўлган саратон касалликлари (ўпка, бачадон бўйни, ошқозон ва жигар саратони) билан касалланишни 5 фоизга камайтириш кўзда тутилган.
Шунингдек, Миллий дастур асосида онкологик касалликларни эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш тизими халқаро стандартлар асосида такомиллаштирилади.
Республика ихтисослашган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказини Миллий онкология марказига айлантириш ҳам кўзда тутилмоқда.
М.Қосимова, ЎзА