Пластик чиқиндиларга қарши курашиш — оддий одатдан бошланади

Бугунги кунда дунё миқёсида ҳар йили 400 миллион тоннага яқин пластик ишлаб чиқарилмоқда.
Мутахассислар маълумотига кўра, ушбу ҳажмнинг қарийб 40 фоизи бир марталик маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади. Энг ташвишлиси, ишлаб чиқарилган пластикнинг бор-йўғи 9 фоизигина қайта ишланади, қолган қисми эса табиатга чиқинди сифатида ташланади.
Ҳар йили 8–11 миллион тонна пластик океан ва денгизларга тушади. Бу нафақат денгиз жонзотлари, балки инсон саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Чунки пластик парчаланиб, микропластикка айланади ва озиқ-овқат занжири орқали инсон организмигача етиб боради.

Шундай шароитда оддий танлов — кўп марталик идишдан фойдаланиш — катта аҳамият касб этади. Агар ҳар бир инсон йилига ўртача 150 та пластик идиш ишлатмасликка қарор қилса, миллионлаб одамлар иштирокида бу рақам миллиардлаб пластик чиқиндиларнинг камайишига олиб келади.
Масалан, 1 миллион киши кўп марталик идишга ўтса — йилига 150 миллионта пластик идиш тежалади. 10 миллион киши бу одатни шакллантирса — 1,5 миллиард пластик чиқиндиси камаяди.
Бу эса чиқиндилар ҳажмини камайтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор турмуш тарзини шакллантиришда улкан қадам.
Пластик табиатда 100 йиллаб, айрим турлари эса 400 йилгача парчаланмасдан сақланиши мумкин. Демак, бугун ишлатилган бир марталик идиш келажак авлодлар ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади.
Катта ўзгаришлар кичик қадамлардан бошланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА