Шимоли-ғарбий ҳарбий округда профилактик тадбир ўтказилди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ Маънавият ва маърифат марказида «Огоҳлик – энг кучли киберҳимоя» шиори остида кенг қамровли профилактик учрашув ташкил этилди. Унда Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчилари, масъул офицерлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Киберхавфсизлик бошқармаси вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассислари томонидан замонавий ахборот таҳдидлари, интернет фирибгарлиги, фишинг ҳужумлари ва зарарли дастурлардан ҳимояланиш масалалари бўйича тушунтиришлар берилди.
Ҳарбий хизматчиларга хизматга оид маълумотларни ҳимоя қилиш, махфийлик қоидаларига риоя қилиш, шубҳали ҳаволаларни очмаслик, номаълум манбалардан дастур юклаб олмаслик, мураккаб пароллардан фойдаланиш ҳамда икки босқичли аутентификацияни ёқиш бўйича аниқ тавсиялар тақдим этилди.
Шунингдек, кибержиноятлар учун белгиланган жавобгарлик чоралари ва қонунчилик талаблари юзасидан маълумот берилиб, ахборот хавфсизлиги борасида ҳарбий хизматчиларнинг масъулияти алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида энг кучли ҳимоя воситаси инсоннинг огоҳлиги ва ҳушёрлиги экани қайд этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги