Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми қачон ўтказилиши маълум бўлди

Жорий йил 16-19 июнь кунлари Тошкент шаҳрида хорижий инвесторлар, ҳукуматлар, халқаро молия институтлари ва глобал бизнес етакчиларини бирлаштирган Марказий Осиёнинг асосий инвестиция майдони – бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилади.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълум қилишича, мазкур юбилей форуми 2025 йил июнь ойида ўтказилган анжуман натижаларининг мантиқий давоми бўлади.
Анжуман эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва инвестиция мулоқотини янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган. Иштирокчилар географиясини кенгайтириш, тармоқ йўналишларини чуқурлаштириш ҳамда амалий натижадорликни янада кучайтириш юбилей дастурининг асосий йўналишлари бўлади.
Қайд этиш керак, ўтган йилги форумда 97 давлатдан саккиз мингдан ортиқ иштирокчи, жумладан уч мингга яқин хорижий меҳмон қатнашди. Дастур доирасида 150 дан зиёд халқаро спикер иштирокида 36 та панель сессия ташкил этилган эди. Якунида умумий қиймати 30,5 миллиард доллардан зиёд бўлган инвестиция битимлари ва савдо шартномалари имзоланди.
Форум глобал молия институтлари томонидан билдирилаётган юқори даражадаги ишончни яна бир бор тасдиқлади, дейиш мумкин.
Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо шундай деди:
– Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг инвестиция форуми каби платформаларда иштироки Марказий Осиёнинг узоқ муддатли салоҳиятига бўлган ишончимизни ва ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда барқарор ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканимизни англатади.
“Linde” компанияси раҳбари Штеффен Рихтер эса инвестиция муҳитидаги ижобий ўзгаришларни қайд этди:
– Биз Ўзбекистонда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун шароитларни яхшилаш борасида сезиларли қадамларни кўряпмиз. Бу стратегик тармоқларда узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратади.
Халқаро инвесторлар эътибори, аввало, саноат ривожи ва энергетика соҳасига қаратилди.
– Биз Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ишлаб чиқариш майдони сифатида кўрамиз. Ислоҳотларнинг изчиллиги ва инвесторлар учун очиқлик узоқ муддатли саноат фаолияти учун ишончли асос яратмоқда, – деди форум доирасида сўзга чиққан “Knauf” бошқарув раиси Николаус Кнауф.
Ўз навбатида, “Mangold Consulting” компанияси раиси Клаус Манголд ҳам мамлакатнинг саноат салоҳиятини алоҳида эътироф этган: «Марказий Осиёда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга бу қадар қатъий интилаётган бошқа давлат йўқ».
“Al Jazeera Media Network” бош директори Мостефа Суаг эса қуйидагича фикр билдирганди: “Биз Ўзбекистонда жиддий трансформацион жараёнларни кузатяпмиз. Форум мамлакатнинг глобал мулоқотга очиқлигини ва халқаро ҳамжамият билан фаол ҳамкорликка тайёрлигини намойиш этади”.
Пленар сессиялар билан бир қаторда, форум доирасида юздан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокида йирик саноат кўргазмаси, шунингдек, юзлаб B2B ва B2G учрашувлар ташкил этилди.
Бугунги кунда Тошкент халқаро инвестиция форуми оддий йиллик тадбир эмас. У халқаро капитал ишончининг кўрсаткичи, Ўзбекистоннинг глобал қиймат занжирларига интеграциялашув воситаси ҳамда Марказий Осиё билан жаҳон бозорлари ўртасида узоқ муддатли шерикликни шакллантирувчи стратегик майдондир.
2026 йил июнь ойида ўтказиладиган юбилей форуми ушбу ижобий динамиканинг мантиқий чўққисига айланади ва Ўзбекистоннинг минтақадаги энг фаол ҳамда истиқболли инвестиция марказларидан бири сифатидаги мавқеини яна бир бор тасдиқлайди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА