Ҳисоботда долзарб масалалар муҳокама қилиниб, режалар белгиланди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг мажлислар залида соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда фракция аъзолари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раҳбарияти, жамоатчилик ташкилоти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Ш.Отемисов очди ва бошқариб борди. Кун тартибидаги асосий масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбоновнинг ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, сўнгги йилларда республикада хусусий тиббиёт муассасалари сони изчил ўсиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилда 235 та бўлган хусусий клиникалар сони 2025 йилга келиб 378 тага етган. Фақат 2025 йилнинг ўзида 41 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ишга туширилиб, 114 та янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда 42 та стационар (1020 ўринли) ва 336 та амбулатор хизмат кўрсатувчи клиникалар аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда. Биринчи туғруқ бўлими ишга туширилиб, 26 та янги тиббиёт пункти ташкил этилди. Барча клиникалар замонавий МРТ, МСКТ, 3D рентген, УЗИ ва бошқа юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланмоқда.
Хусусий сектор томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Рамазон” ойида анъанавий тарзда бепул тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. 2025 йилда 880 нафар фуқаро бепул тиббий кўрик ва даволашдан ўтказилди. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилаларга бепул диагностика ва даволаш хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2863-сонли қарорига мувофиқ, хусусий тиббиёт муассасалари солиқ имтиёзлари ҳисобига бўшайдиган маблағларнинг камида 25 фоизини ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга бепул тиббий хизмат кўрсатишга йўналтириб келмоқда. Бироқ 2025 йил 1 апрелдан бошлаб ПҚ-229-сонли қарор асосида тиббий хизмат кўрсатувчи юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари деб белгилангани айрим муаммоларни юзага келтирмоқда. Шу муносабат билан фракция аъзолари мазкур масалани атрофлича ўрганиш ва тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-311-сонли қарорига асосан давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилди. Натижада хусусий тиббиёт муассасалари ҳам Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома асосида кафолатланган пакет доирасида аҳолига бепул хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди. 2025 йил якунлари бўйича суғурта жамғармаси томонидан 1 979,7 млрд сўм маблағ тўлиқ молиялаштирилган бўлса, 2026 йил учун 2 260,3 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бу эса тизимда молиялаштириш ҳажми изчил ортиб бораётганини кўрсатади.
Мониторинг ишлари натижасида йўлланмалар тизими, беморларни электрон ахборот тизимига киритиш, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш кўрсаткичларида ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Асоссиз стационар даволаш ҳолатлари эса камайган.
2025 йил давомида соғлиқни сақлаш соҳасига 24 миллион АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестиция ва грант маблағлари жалб этилди. Жумладан, Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан юқумли касалликлар ҳамда она ва бола саломатлиги муассасаларига замонавий тиббий асбоб-ускуналар етказиб берилди. Шунингдек, UNICEF, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва UNFPA билан ҳамкорликда айрим туманларда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини яхшилашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусий тадбиркорлар томонидан эса 50,2 млрд сўмлик инвестиция киритилиб, янги тиббиёт муассасалари барпо этилди.
Ҳисобот давомида иштирокчилар томонидан соҳада мавжуд муаммолар юзасидан савол-жавоблар ўтказилди, таклифлар билдирилди ва уларни чуқур ўрганиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, вазир ҳисоботи асосида масалани Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

ЎзЛиДеП фракцияси соғлиқни сақлаш тизимида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги самарали ҳамкорликни кучайтириш, тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш масалаларини доимий депутатлик назоратида ушлаб боради.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги