Жиноятчилик профилактикаси масалалари муҳокама қилинди

22

Тахтакўпир тумани ҳокимлигида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар фаоллари, туман прокуратураси, ички ишлар органлари ва Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари иштирок этди.

Унда 2025 йил ва 2026 йил январь ойида жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир тумани судида кўриб чиқилиб якунланган ишлар бўйича қабул қилинган алоҳида ажримларнинг ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Тадбирда жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир тумани суди раиси О.Мауленов иштирок этиб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларга имкон берган омилларни аниқлаш ва профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидланганидек, жиноятчиликнинг олдини олиш нафақат жазолаш билан, балки унга сабаб бўлаётган шарт-шароитларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш ўз самарасини беради.

Учрашувда ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг эрта профилактикасини йўлга қўйиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича суд томонидан қабул қилинаётган алоҳида қарорлар ижросини жойларда самарали ташкил этиш, жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни ҳудуд, хотин-қизлар фаоллари, ички ишлар ва ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликда мунтазам равишда муҳокама қилиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича аниқ йўналишлар белгилаб олинди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси