Энг гўзал дуо

17

Муқаддас китобларда айтилишича, инсон тақдирига ҳеч бир нарса дуочалик таъсир ўтказмас экан. Шунинг учун ҳам миллий тарбиямизда ота-оналар, устозлар ва кексаларнинг дуоларини олишга интилишга ундов мавжуд. Уларга кўрсатилган ҳурмат эса бевосита инсон одоб-ахлоқидан далолат.

Халқимизда: “дуо билан эл кўкарар”, деган мақол бежиз айтилмаган. Айниқса, ҳозирги муқаддас рамазон ойи эзгуликлар, яхши амаллар ва албатта, кўп-кўп дуолар қилинадиган фурсат. Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий анъаналари бўлганидек, ўзбек халқининг ҳам бетакрор анъаналари мавжуд. Хусусан, дуо қилишда ҳам улуғ ҳикматли тилак борки, унинг замирида энг гўзал истак мужассам. Эсимизни танибмизки, ота-боболаримиз дуога қўл очгани биланоқ, тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик сўрашади.

Бир тафаккур қилиб кўринг, инсонга тинчлик ва саломатликдан-да зиёда неъмат борми? Айниқса, бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида урушнинг совуқ нафаси кезиб юрган бир маҳалда мазкур дуонинг нечоғлик аҳамиятли ва пурмаъно эканига амин бўламиз.

Мамлакатимизда олиб борилаётган қатор ташаббусларни таъкидлаган ҳолда, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этмоғимиз шарт. Айниқса, қўшни давлатлар билан йўлга қўйилаётган дўстона алоқалар, шунингдек, ташқи муносабатларда мустаҳкам дипломатик ёндашувлар олқишга сазовор.

– Қадим-қадимдан халқимизда ҳар бир иш олдидан дуо қилиш одат тусига кирган. Зотан, улуғ зотлар ҳам ҳамиша дуо билан машғул бўлганлар, –  дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, шайх Нуриддин Холиқназар. – Мени жумбушга келтирган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Умра зиёрати билан Маккада бўлиб турганимизда ўша ердаги миллатдошларимиз бизга: “нима учун Ўзбекистон бу қадар тинч? Хонадонлари баракали?” деган саволни беришди. Жамоамиздагилар ҳар ким турлича жавоб қилган бўлдик. Савол берган киши эса: “ҳаммангизнинг гапингиз тўғри. Аммо асосий сабаб бошқа. Ҳозирги кунда ҳеч бир миллат деярли дуо қилмай қўйган. Лекин Ўзбекистонда ҳамма ҳамиша дуода. Ҳаттоки, давлат раҳбари ҳам ҳар бир хайрли иш олдидан дуо қилади. Шунинг учун ҳам гарчанд у ерда яшамасам-да, Ўзбекистонда туғилганимдан фахрланаман», деди.

Дарҳақиқат, “олтин олма, дуо ол”, деган ҳикмат билан яшовчи халқимизнинг иқболи бевосита дуо билан ҳам боғлиқ. Шуни англаш керакки, тинчлик ва соғлиқ сўраб қилинган дуо ҳақиқатданам энг гўзал дуодир. Зотан, бугунги таҳликали замонда бунга бот-бот ишонч ҳосил қилмоқдамиз.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! Хотиржамлик ва тан сиҳатлиги тарк этмасин!

Шербек Исломов, ЎзА