Сохта қўнғироқ, миллионлаб зарар: корпоратив дунё хавф остида

Йил бошида Ҳиндистон ижтимоий тармоғида “Bombay Stock Exchange” бош директори Сундарараман Рамамурти гўё инвесторларга акция танлаш бўйича маслаҳат бераётгани акс этган видео лавҳа тарқалди. Томошабинларга эса “юқори даромад” ваъда қилинган. Аслида бу сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган сохта реклама эди.
– Обуначилар бу роликни кўриб, гўё мен тавсия бергандек, акция харид қилиш ёки сотишга киришиши мумкин эди, – дейди Рамамурти.
Дарҳол шикоят юборилган, жойланган платформалардан роликни ўчириш талаб қилинган ва бозор иштирокчилари огоҳлантирилган. Видеони эса қанча одам кўргани номаълум.
Сўнгги икки йилда бундай ҳолат кескин кўпайди. “Last Pass” раҳбари Карим Тубба маълум қилишича, шунга ўхшаш фирибгарлик қарийб 3000 фоиз ошган. 2024 йил унинг ўзи ҳам нишонга олинган экан: компания ходимига “WhatsApp” орқали “шошилинч ёрдам” сўралган аудио ва матнли хабар юборилган. Мурожаат раҳбар номидан. Яхшики, ходим шубҳаланган: саҳифа расмий эмас, ахборот шахсий телефонга келган. Воқеа кибер хавфсизлик бўлимига етказилган ва ёқимсиз ҳодисанинг олди олинган.

Баъзан сиздан омад юз ўгириши ҳам мумкин. 2024 йил “Аруп” компанияси ходими видео қўнғироқ орқали молия директори деб таништирилган шахс билан “махфий операция” муҳокамасини ўтказади. Шу асосда 25 миллион доллар бешта ҳисоб рақамига бўлиб ўтказилади. Кейинчалик қўнғироқ эгалари сохталиги аниқланади.
Мутахассислар айтишича, бугун ҳақиқий овоз ва видео яратиш бир неча дақиқалик иш. Оддийроқ ҳужум 500-1000 долларга тушиши мумкин. Мураккаб амалиёт нархи эса 5-10 минг доллар атрофида.
Табиийки, ҳимоя технологияси ҳам ривожланмоқда. Замонавий текширув дастури инсон юзи ҳаракати, бош бурилиши, ҳатто юз терисидаги қон айланиш суръатини ҳам таҳлил қилиб, материал сунъий ёки ҳақиқийлигини аниқлаши мумкин.
Технология тадқиқотчилари таъкидлашича, айни жараён ҳужум ва ҳимоя ўртасидаги пойгага ўхшайди. Бир томон муайян янгилик қўлласа, иккинчи томон тезроқ фирибни фош қилишга уринади. Муаммонинг яна бир жиҳати бор: кибер хавфсизлик соҳасида мутахассис етишмайди. Компаниялар энди-энди раҳбарлар даражасидаги сохта мурожаат хавфини жиддий қабул қила бошлади.
Хулоса шуки, энди фақат “кўзим билан кўрдим” деган ишонч етарли эмас. Рақамли даврда ҳар қандай визуал маҳсулот ҳақиқат эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА