Отамуродга “Президент совғаси” топширилди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 февраль куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар билан ўтказган мулоқоти давомида хоразмлик Отамурод Райимбоевнинг ноёб истеъдодини алоҳида эътироф этиб, уни ижодий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш мақсадида “Президент совғаси” билан тақдирлаган эди.
Президентимизнинг махсус совғаси ёш иқтидор эгасига унинг оила аъзолари ҳамда устозлари иштирокида тантанали равишда топширилди.
Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов BYD Chazor электромобили калитларини Отамурод Райимбоев қўлига тутқазар экан, аввало муҳтарам президентимизнинг эътибори, бу каби юксак рағбат ва ишончи ёш истеъдод эгаларини келгусида янада улкан марралар сари руҳлантириши шубҳасиз эканлигини таъкидлади.
– Ижодий фаолиятимни энди бошладим ва Президентимизнинг таҳсинларига сазовор бўлдим, – дейди Урганч туманидаги 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Отамурод Райимбоев. – Очиғини айтсам, Республика танловида Гран При мукофотини қўлга киритишимда ҳам бунчалик ҳаяжонланмаган эдим. Уларнинг қаршисида қўшиқ куйлаётганимда пайдо бўлган бу ўзгача ҳаяжон ҳалиям босилгани йўқ. Авваламбор, давлатимиз раҳбари менга куйлашим учун имкон берганликлари ва оталарча менга меҳр кўрсатиб, автомашина совға қилганликлари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Эндиликда мен хорижий санъат олийгоҳларида ҳам таълим олиб, миллий санъатимизнинг довруғини дунёга таратмоқчиман.
Отамурод давлатимиз раҳбари совға қилган автомашина калитларини ўз отасига берди. Ёш ижодкор ва унинг ота-онаси эса бундай юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорчилик билдирди.
– Муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқилона ислоҳотлари бизнинг чекка-чекка қишлоқларимизгача кириб бормоқда. – дейди Отамурод Райимбоевнинг отаси Умарбек Каримов. – Чунки ана шундай олис қишлоқда истиқомат қилувчи биз каби оддий оиланинг фарзанди ёшлигидан санъатга қизиқиб, бугунги эътирофларга сазовор бўлаётгани мамлакатимизда ҳар ким меҳр ва эътиборда эканлигидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари олдида ўғлимнинг қўшиқ ижро этгани нафақат оиламиз, балки Янгибозор туманидаги “Тоза Дўрман” қишлоғидагилар учун ҳам бир умрга эсда қоладиган қувончли воқеа бўлди. Кичик меҳнатимизга берилган ушбу мукофот учун оиламиз номидан чуқур миннатдорчилик билдираман.
Мусиқа ва санъат мактабининг 4-синфида таҳсил олаётган Отамурод Райимбоев ҳозирда устозларидан миллий мусиқа сирларидан олган сабоқларини ўрганмоқда. У кўрсатаётган натижалар нафақат унинг, балки унга таълим-тарбия бераётган ўқитувчи-устозларининг ҳам ютуғидир.
– Бу ўқувчимиз мактабимизга келганида “Халқ чолғуси” бўлимининг “Қашқар рубоби” синфига қабул қилинган, – дейди ўқитувчиси Ойбек Отаев. – Бир йилдан буён анъанавий ижро билан ҳам шуғулланишни бошлади. Мана натижасини кўриб турибмиз. Комилжон Отаниёзовнинг “Мустаҳзод” қўшиғини учрашувда жонли тарзда ижро этганидан мен ҳам анча хавотирландим. Чунки устозларнинг йўналишида бу ёшда куйлашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун овоз ҳам, маҳорат ҳам етарли бўлиши керак. Отамурод эса буни уддалаганидан хурсанд бўлдим.
Хоразм азалдан илм-фан ва санъат марказларидан бири бўлган. Бугун ана шу шарафли анъананинг муносиб давомчилари етишиб чиқаётгани барчани қувонтирмоқда.
– Муҳтарам Президентимиз Хоразмга қилган ташрифларидан бирида Урганч туманидаги 11-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига ҳам келиб, ўқувчилар, ўқитувчилар ҳамда санъаткорлар билан самимий учрашув ўтказган эди, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Эшчонов. – Ўшанда давлатимиз раҳбари: “Мен шу даргоҳдан Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров каби санъат дарғалари етишиб чиқишига ишонаман!” – деб таъкидлаган эдилар. Шогирдимиз Отамуроднинг Президентимиз эътиборига тушгани ва бугунги кунда қўлга киритаётган ютуқлари, шубҳасиз, унинг келгусида буюк устозларимиз изидан бориб, миллий санъатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишига мустаҳкам замин яратади.
Отамурод Райимбоев каби ёш истеъдод соҳибларининг қўллаб-қувватланиши мамлакатимизда ёш авлоднинг ижодкорлигини оширишга ҳамда санъат соҳасига бўлган қизиқишларини янада орттиришга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (cурат), ЎзА мухбирлари