Европада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори баҳоланди

19

Брюсселда “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси мажлисда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Европа томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва қўшма кун тартибини илгари суришга тайёрлигини билдирди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатимизга Европа инвестицияларини жалб қилиш, қўшма корхоналарни ривожлантириш ва юқори технологик ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш учун қулай шароитлар яратилгани таъкидланди.

Савдо, инвестициялар, молиявий-техник кўмак, саноат кооперацияси, муҳим материаллар ишлаб чиқариш, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, «яшил» ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, фан, таълим ва маданий алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш ва гендер тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Европа парламенти (ЕИ)да “Ислоҳотлар ва ҳамкорлик: Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи учун янги кун тартиби” мавзусида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирда Европа парламентининг Ўзбекистон бўйича доимий маърузачиси Илхан Кючюк, ЕИ депутатлари ва институтлари, таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Делегация аъзолари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, жумладан, демократик ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасида эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.

Минтақавий ҳамкорлик ва стратегик шерикликни ривожлантиришга қаратилган очиқ ҳамда прагматик ташқи сиёсатнинг устуворликлари қайд этилди.

Европалик экспертлар амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва Марказий Осиёнинг ЕИ учун аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

2025 йил 24 октябрда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши савдо-сотиқ, инвестициялар, транспорт, муҳим ресурслар ва инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантириш, шу жумладан,Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш, шунингдек, таълим, фан, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давра суҳбати томонларнинг сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлигини тасдиқлади.

Н.Абдураимова, ЎзА