Лицей ўқувчилари билан суҳбат, янги ютуқлар…

Бир неча йиллардан бери билимли, иқтидорли ёшларни етиштириб чиқаришда яхши кўрсаткичларга эришиб келаётган Ажиниёз номидаги НДПИ академик лицейи бугунги кунда ҳам янги ютуқлари билан кўзга ташланмоқда.
Академик лицейда Ёшлар куни муносабати билан учрашув кечаси ташкил этилди. Унда академик лицей директори Қ.Қалхоразов, НДПИ ўқитувчиси, таълим сифатини назорат қилиш бўлими бош мутахассиси Ж.Жумамуратов, ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари Г.Машариповалар лицей ўқувчи ёшлари билан учрашди.
Унда Президентимиз томонидан ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятлар, таълим олиш, тил ўрганиш ва рақамли технологиялардан ўринли фойдаланиш бўйича сўз юритилиб, уларга таклифлар билдирилди.
Тадбир якунида «Сиз экологик қонуниятларни биласизми?» Республика танловида I ўринни эгаллаган лицейнинг «Қора тол» жамоасининг креатив фикрлайдиган, билимли аъзолари Фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Жамоа аъзолари яқинда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритиб, муносиб иштирок этиш учун тайёрланмоқда.
Шунингдек, таълим муассасасида таҳсил олаётган ўн нафар иқтидорли, билимли ўқувчининг «Академик лицей ифтихори» стипендиясини олиш имкониятига эга бўлиши муносабати билан уларни Фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаб, ўқишларида муваффақият тилади. Тадбирда академик лицейда барча фанлардан юқори кўрсаткичларга эга ва фаол ўқувчилар ҳар семестрда «Академик лицей ифтихори» стипендияси билан қўллаб-қувватлаб борилиши таъкидланди.

Суҳбат тарзида ўтган учрашувда ўқувчи ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги