Мактабнинг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди

2

Амударё туманидаги «Бозжап» овул фуқаролар йиғинида 68-сонли умумий ўрта таълим мактаби учун янги, замонавий қўшимча ўқув биноси ҳамда 12×24 ўлчамдаги замонавий спорт зали фойдаланишга топширилди. Ушбу бинонинг умумий қиймати 5 миллиард 950 миллион сўмни ташкил этиб, 330 нафар ўқувчи учун мўлжалланган. Янги маскан замонавий меъморий ечим, қулай таълим муҳити билан ўзига хос.

Очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сапаргул Утемуратова ва бошқалар иштирок этиб, ушбу бунёдкорлик ишлари юртимизда таълим тизимини янада ривожлантириш, ёшларнинг сифатли билим олиши учун яратилаётган шароитларнинг яққол ифодаси эканини таъкидлади.

– Янги бино нафақат 68-сонли умумий ўрта таълим мактаби учун, балки туманнинг таълим соҳаси тараққиёти учун хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли, – дейди туман ҳокими ўринбосари Нодирбек Камолов. – Бу жойда эртанги кун чет давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари талабалари етишиб чиқади, деб умид билдирамиз.

Янги бино 3 қаватдан иборат бўлиб, барча замонавий талабларга тўлиқ жавоб беради. Энг муҳими, мактабга махсус лифт ўрнатилиб, инклюзив таълим талаблари асосида зарур шароитлар яратилди. Бу эса имконияти чекланган болалар учун ҳам сифатли таълим олиш имкониятини кенгайтиради.

Ҳозирги кунда мактабда 227 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларга 27 нафар малакали педагог сабоқ бермоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.