Ободонлаштириш ишлари бўйича натижалар кўриб чиқилди

18

ЎзЛиДеП Нукус шаҳар Кенгаши депутатлари ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида жамоатчилик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ободонлаштириш ишлари самарадорлиги ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Нукус шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этилди. Ҳисоботда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган кўкаламзорлаштириш ишлари, шаҳар кўчалари ва магистрал йўллар бўйларига минглаб дарахт кўчатлари ўтқазилгани, замонавий суғориш тизимлари жорий этилгани қайд этилди. Шунингдек, мавсумий гуллар экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва агротехник парвариш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

2025 йил давомида шаҳар ички йўлларини таъмирлаш, асфальт-бетон қопламалар ётқизиш ҳамда қум-шағал қопламали йўллар ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Дренаж тизимларини янгилаш, янги қудуқлар қуриш ва ирригация тармоқларини тозалаш орқали инфратузилмани яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, ташқи ёритиш тармоқларини модернизация қилиш, қуёш панелли чироқлар ва видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Эшитув давомида 2026 йилга мўлжалланган режалар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, қўшимча ирригация насослари ўрнатиш, янги суғориш тармоқлари қуриш, ички йўлларни таъмирлаш, дренаж тизимларини кенгайтириш ва замонавий иссиқхона барпо этиш режалаштирилгани маълум қилинди. Депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, шаҳарни янада обод ва қулай ҳудудга айлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

                                                                  Қорақалпоғистон ахборот агентлиги