Очиқ бюджет порталида янги “AI ёрдамчи” хизмати йўлга қўйилди

Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди. Унга кўра, очиқ бюджет порталида аҳоли учун янги интерактив хизмат – сунъий интеллект технологиясига асосланган “AI ёрдамчи” чат-боти фаолияти йўлга қўйилди.
Ушбу рақамли ечим фойдаланувчиларга порталда тақдим этилаётган имкониятлардан янада самарали фойдаланиш ҳамда зарур маълумотларни тезкор олиш шароитини яратади.
Янги чат-бот ёрдамида фуқаролар “Ташаббусли бюджет” жараёнига оид саволлар, “Менинг мактабим” ва “Менинг боғим” лойиҳалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, “Маҳалла бюджети” йўналиши бўйича қизиқтирган масалаларга реал вақт режимида жавоб олиш имконига эга бўлади. Тизим фойдаланувчилар мурожаатларини автоматик таҳлил қилиб, тегишли маълумотларни қисқа фурсатда тақдим этади.
Соҳа мутахассисларининг фикрича, мазкур хизматнинг ишга туширилиши давлат бюджети ҳамда ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари юзасидан очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Бу эса фуқароларнинг давлат молиясига оид ахборотлардан хабардорлик даражасини ошириш билан бирга, уларнинг жараёнларда фаол иштирокини рағбатлантиради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА