Инглиз тили — келажак эшикларини очувчи калит

Нукус шаҳридаги 47-сонли ҳамда Нукус туманидаги 17-сонли умумтаълим мактаблари ҳамкорлигида “English is the key to a bright future” (Инглиз тили — ёрқин келажак калити) мавзусида маънавий-маърифий ва ўқув тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги «Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасига ўқувчиларнинг хорижий тилларни мукаммал ўрганишини таминлаш мақсадида чет давлатларидан 63 ўқитувчи жалб қилинди.
– Бугунги глобаллашув даврида хорижий тилларни, айниқса, инглиз тилини мукаммал эгаллаш ёшлар учун нафақат имтиёз, балки давр талабига айланди, – дейди Нукус тумани 17-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Мақсет Бегдуллаев. – Шу мақсадда ташкил этилган ушбу тадбир икки таълим даргоҳи ўртасидаги ўзаро тажриба алмашинувини мустаҳкамлаш ва ўқувчиларнинг тил ўрганишга бўлган иштиёқини оширишга хизмат қилди.

Тадбирда Филиппин ва Ҳиндистон давлатларидан ҳам ўқитувчилар қатнашиб, давлатимизда чет тилларига қаратилаётган эътибор алоҳида эътироф этилди. Шартномага асосан, ҳиндистонлик педагог Мухаммад ал Таф Нукус туманидаги 17-сонли умумтаълим мактабида шу йилнинг январь ойидан бошлаб ўқув йили якунигача инглиз тилидан дарс бериши назарда тутилган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги