Ректор ёшлар билан суҳбатлашиб, фикрларини тинглади

19

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида қанчадан-қанча ёшлар таълим олиб, ёшлик йилларининг талабалик олтин даврини ўтказган. Бугунги кунда ҳам университет таълим олиш ниятида бўлган ёшларнинг қадрдон таълим маскани ҳисобланади.

Президентимизнинг мамлакатимиз ёшлари билан бўлган мулоқотидан сўнг берилган топшириқларни амалга ошириш, ёшлар билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглаб, муаммоларини ҳал этиш учун тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида Ёшлар куни белгиланган эди. Шу муносабат билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг 9-сонли талабалар уйида «Ректор ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувни университетнинг ёшлар масалалари маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алаўатдинов олиб борди.

Тадбирда Бердиёр Жоллибеков сўзга чиқиб, университетда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида айтиб ўтди. Хусусан, бугунги кунда талабалар учун хорижий тилларни ўрганиш, рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект йўналишларида билим ва кўникмаларга эга бўлиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ректор ҳозирги давр талабалари замон билан тенг қадам ташлаб, рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиши зарурлигини сўзлади ва шунингдек, учрашувда талабаларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг стартап лойиҳалари ва инновацион ғояларини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратиш университет маъмуриятининг асосий вазифаларидан бири эканлигини таъкидлади.

Учрашув давомида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, етакчилик кўникмаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий тарбияни кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди ва университет раҳбарияти билан бевосита мулоқот қилиш имкониятидан мамнун эканликларини билдирди.

                                                                   Қорақалпоғистон ахборот агентлиги