27 февраль – Халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари куни
Бугун, 27 февраль бутун дунёда Халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари куни сифатида нишонланади. Халқаро ННТлар куни илк бор 2014 йилда нишонланган.
Ушбу сана ННТлар фаолиятини эътироф этиш ва уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада ошириш мақсадида илгари сурилган. Ташаббус халқаро даражада қўллаб-қувватланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида ҳам эътироф этилган.
ННТлар – жамиятнинг фаол ва ташаббускор қисми сифатида ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш, инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа кўплаб йўналишларда муҳим вазифаларни амалга ошириб келмоқда. Улар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга ҳисса қўшади. Жамоатчилик назоратини кучайтириш, долзарб муаммоларга инновацион ечимлар таклиф қилиш ҳамда давлат ва жамият ўртасида мулоқот кўприги вазифасини бажаришда ННТларнинг ўрни муҳим.
Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ННТлар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилмоқда. ННТларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Уларнинг ташаббус ва лойиҳалари жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидиялар тизими жорий этилди.
Бугунги кунда минглаб ННТлар турли соҳаларда фаолият юритиб, аҳоли фаровонлиги ва жамият тараққиётига ҳисса қўшиб келаётгани эътиборга молик.
М.Комилова, ЎзА