Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати қандай назорат қилинмоқда?

21

Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мақсад – бозорларга сотиш учун чиқарилаётган чорвачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария-санитария талабларига мувофиқлигини таъминлаш, истеъмолчилар саломатлигини муҳофаза қилиш, амалга оширилаётган назорат ишлари бўйича кенг жамоатчиликни ҳар томонлама хабардор қилишдан иборат.

Очиқ мулоқот давомида, ИИВ Жамоат хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг Карантин чораларини таъминлаш гуруҳи командири Д.Бекмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси ҳайвонлар касалликлари диагностикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги лаборатория маркази шифокори А.Айдарова, Нукус шаҳридаги Марказий деҳқон бозорининг 1-сонли ветеринария-санитария экспертиза мудири Н.Дарябаевлар амалга оширилаётган ишлари ҳақида маълумот берди.

Хусусан, деҳқон бозорларида ўтказилаётган назорат ва мониторинг ишлари натижалари, ветеринария-санитария экспертизаси жараёнлари, аниқланаётган қоидабузарликлар ва уларни бартараф этиш чоралари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган тизимли чоралар, тадбиркорлар ва истеъмолчилар учун яратилаётган қулайликлар қайд этилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, республикамизда бугунги кунда 20 та деҳқон бозори фаолият кўрсатиб турибди ва уларнинг ҳар бирида ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари фаолияти йўлга қўйилган. Ҳайвонлар касалликлари диагностикаси, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, чорва моллари гўшти ва гўшт маҳсулотлари, парранда, балиқ, тухум, асал, ўсимлик (полиз) маҳсулотлари мунтазам равишда экспертизадан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этиб борилмоқда.

Жумладан, мол гўштидан яроқсизлиги бўйича 17 та ҳолат аниқланиб, 78 кг. гўшт зарарсизлантириш йўли билан йўқ қилинди. Бундан ташқари, қўй, эчки, чўчқа, от, туя, товуқ гўштларини текшириш давомида, балиқ маҳсулотларини текширишда аниқланган яроқсиз маҳсулотлар ҳам зарарсизлантириш йўли билан йўқ қилинди. Тегишли идораларга тавсиялар берилиб, ветеринария-санитария талабларини бузган шахсларга нисбатан тегишли чора кўрилмоқда.

Тадбирда иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги