Янги давр олий дипломатияси

14

Ҳар бир давлат ташқи сиёсатини амалга оширишда дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратади. Олий даражадаги расмий ташрифлар нафақат ишончни мустаҳкамлайди, балки шерикликнинг янги йўналишларини ҳам белгилайди. ЎзА ушбу рукн орқали олий даражадаги мулоқотлар, кўтарилган масалалар ва имзоланган ҳужжатлар бўйича ҳафта давомидаги тафсилотларни тақдим этади.

 

Покистон Бош вазири Доҳада Қатар Амири билан учрашди

Бош вазир Муҳаммад Шаҳбоз Шариф Доҳага ташрифи чоғида Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан учрашди ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлади. Мулоқот давомида сиёсий ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар стратегик шерикликни ривожлантиришга тайёрликларини билдирди.

Исроил – Ҳиндистон: тарихий ташриф арафасида

Бугун эрталаб Исроил Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг кутилаётган тарихий ташрифи ҳақида сўз юритилди. Ташриф доирасида инновация, хавфсизлик ва умумий стратегик йўналишлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек сунъий интеллект ҳамда минтақавий ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинади.

Вьетнам – АҚШ: Тинчлик кенаши доирасидаги юқори даражали мулоқот

Вьетнам ҳукмрон партияси бош котиби То Лам Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан музокара ўтказди. Учрашувда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ғазони тиклаш ва гуманитар ёрдамни мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу мулоқот Ғазо тинчлиги бўйича янги халқаро ташаббуснинг муҳим босқичи ҳисобланади.

БАА – Бельгия: сиёсий маслаҳатлашув

Бирлашган Араб Амирликлари ва Бельгия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашув бўлиб ўтди. Музокара давомида асосий эътибор “яшил энергетика”, айниқса қайта тикланадиган энергия ва водород соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилди. Мазкур учрашув икки давлат сиёсий, иқтисодий муносабатларини янги йўналишларда ривожлантиришга хизмат қилади.

Ҳиндистон – Бразилия: авиация ва транспорт ҳамкорлиги

Ҳиндистон ва Бразилия узоқ масофага ҳаво қатнови учун “Travel Corridor” (саёҳат йўлаги) очишга келишди. Бу икки давлат орасида транспорт, туризм ва савдо алоқаларини кенгайтириш йўлида муҳим қадамдир.

Фардона Яхшибоева, ЎзА