Ўзбекистон ва Буюк Британия ҳамкорлиги кенгаймоқда

Бугун Лондонда Ўзбекистон делегацияси Буюк Британия сармоялар бўйича давлат вазири Лорд Жейсон Стоквуд билан учрашди. Томонлар саноат, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, муҳим фойдали қазилмалар, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятини таҳлил қилдилар.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда фармацевтика ишлаб чиқариш қувватини оширишга асос яратади. Бундай ташаббуслар икки давлат орасида барқарор иқтисодий ўсиш ва масъулиятли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, “Standard Chartered” банки бош директори Саиф Малик билан йирик саноат лойиҳаларини молиялаштириш, “яшил” энергетика ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётнинг реал сектори билан алоқаларни мустаҳкамлаш муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди. Қайта тикланадиган энергетика, инфратузилма ва барқарор молиялаштириш мавзулари ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари “Benoy” компанияси бош директори Том Картлейж билан замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари, Янги Тошкент қурилиши, ҳудудларни режалаштириш ҳамда транспорт ва туризм инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича музокара олиб борилди. Ўзаро қўшма ташаббуслар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши бир овоздан маъқулланди.
Ф. Яхшибоева, ЎзА