Ўзбекистон ва Парагвай: кон-геология соҳаси бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Тоғ-кон ва геология соҳасида янги шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция ва технология алмашинувини рағбатлантириш бугунги кунда устувор вазифага айланмоқда. Айниқса, табиий ресурсларни самарали ўзлаштириш, илмий-техник тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўналишидаги мулоқотлар мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқяпти.
Шу кунларда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги делегацияси вакилларининг Парагвай Республикасига қилган хизмат сафари ҳам бу борадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Асунсьон шаҳрида ўзбек делегацияси Парагвай Республикаси Жамоат ишлари ва коммуникациялар вазирлигининг минерал ресурслар ва энергетика бўйича вице-вазири Маурисио Бежарано билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Парагвай Президентлари учрашувида эришилган келишувларга асосан кон-геология соҳасидаги истиқболли йўналишларда амалий ишларни бошлаш, соҳада илмий-техник ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тажриба алмашиш жараёнларини жадаллаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, икки мамлакат ўртасидаги кон-геология ҳамкорлиги нафақат иқтисодий ва технологик соҳаларда, балки икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳамкорликнинг ривожланиши, албатта, янги қўшма лойиҳалар ва инвестиция имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатларни қисқа муддатларда белгиланган тартибда имзолаш юзасидан келишувга эришди.
Вазирлик ахборот хизматининг хабар беришича, делегациянинг хизмат сафари давом этмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА