Болалар стоматологияси: профилактика ва сифатли даволаш устувор вазифа

13

Бугунги кунда юртимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва билимли инсонлар бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишининг бири десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ва Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида Республика болалар стоматология поликлиникасида пресс-тур ўтказилди.

Унда республикамизда ўз ижодини олиб бораётган оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда поликлиника бўлим бошлиғи Гулзабира Аннақулова сўнгги йилларда поликлиника ҳаётида юз бераётган янгиликлар, бажарилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида кенг тарзда сўзлаб берди.

– Поликлиникамиз Нукус шаҳри ва республикамизнинг барча ҳудудларидан келган болаларга стоматологик хизмат кўрсатади, – дейди Г.Аннақулова. – Поликлиника икки қаватли мослаштирилган бинода жойлашган бўлиб, биринчи қаватида маъмурий-хўжалик иккинчи қаватда даволаш бўлими, жарроҳлик хонаси, ПЦС хонаси, физиотерапия хонаси жойлашган.

Иш вақти эрталабки соат 8:00 дан кечки соат 18: 00 гача белгиланган. Поликлиника бир кунда 250 болани қабул қилиш имкониятига эга. Стоматологик ёрдам барча болаларга бепул кўрсатилади.

Шу билан бирга, поликлиникада Қорақалпоғистон тиббиёт институти стоматология иши факультети ўқув базаси бўлиб, талабаларга амалий ва назарий дарслар ўтилади. Шунингдек, 2-сонли Нукус тиббиёт коллежининг тиш техниги мутахассисликлари учун ҳам амалий ўқув машғулотларини ўтказиш базаси ҳисобланади.

Поликлиника тўлиқ модернизация қилиниб, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Жорий йилдан бошлаб юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, поликлиникамизда DMED тизимида иш юритиш йўлга қўйилди ва барча кабинетлардаги шифокорлар компьютер билан таъминланди. Шу боис 52 та поликлиника ходимлари IT бўйича ўқиб, сертификатларини олди.

Поликлиникамизда болаларга тишларни даволаш ва олиш, оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати касаллигини, юз-жағ тиш қаторлари аномалиясини даволаш, ташкил этилган мактаб болаларига стоматологик касалликларнинг олдини олиш ишларини олиб бориш ва даволаш кўринишида стоматологик ёрдам кўрсатади.

Тадбир давомида журналистлар поликлиника ҳаёти билан яқиндан танишиб, бугунги кунда кенг жамоатчиликни қизиқтириб келаётган саволларга жавоблар олди.

Адилбай Оразов,

 Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси