«Балли аёллар» кўрик-танловининг округ босқичи ўтказилди

17

Шимоли-ғарбий ҳарбий округида ҳарбий хизматчилар оилаларини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда миллий қадриятларни тарғиб қилиш мақсадида «Мен намунали ҳарбий оила бекасиман» шиори остида «Балли аёллар» кўрик-танловининг округ босқичи ўтказилди.

Ҳарбий оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, оила институтини қадрлаш, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада оширишга қаратилган мазкур танловда округ тасарруфидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари фаол иштирок этди.

Танлов давомида иштирокчилар томонидан миллий либослар жилоси, қадимий анъаналаримизга хос урф-одатлар, ўзбекона меҳмондўстлик санъати кенг намойиш этилди. Шунингдек, тайёрланган қўл меҳнати асосида яратилган каштачилик ва ҳунармандчилик намуналари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

Намойиш этилган саҳна кўринишлари ва ижодий чиқишлар орқали ҳарбий оила бекаларининг истеъдоди ва ташаббускорлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди. Айниқса, фарзанд тарбияси, оилавий қадриятлар ва ватанпарварлик мавзусидаги чиқишлар томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан энг муносиб иштирокчилар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ғолибликни қўлга киритган оила бекаси танловнинг вазирлик босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги